Аллох инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ алломаларимиздан шундай сўзлар бор: -“Инсон молу дунёси билан яхшилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қолиши мумкин. Аммо инсонда бир ғазина бор, қанча сарфлагани билан тугамайди. У ширин сўздур деганлар. Яна хадисда шундай хикматли сўз бор: -“Ким агар бировнинг айбини айтиб одомларга ошкор қилса, то ўзи хам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди”- дейилган. Биз хар бир айтган сўзимиз учун маъсулмиз одамлар зохирон гурунг шаклидаги ғийбатлар инсоннинг номаиамолига гунох бўлиб битилишидан ғофилдурлар. Пайғамбаримиз Расулуллох Саллолоҳу Алайхи Васаллам айтганлар: -“Жим турмоқдин сухбатлашиш яхши, ёмон сухбатдошдан ёлғизлик яхши”- деб.
Баъзан оилада нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатидан содир бўлади. Бунинг аксича кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздур. Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо маъсулият ва вазифаси жихатидан катта эътиборга лойиқ аъзодур. Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш хақида Расулуллох Саллолоҳу Алайхи Васаллам бундай деганлар:-“Банданинг имони тўғри бўлмайди токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча.”Маълумки тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган ғийбат, чақимчилик, тухмат ва ёлғон гувохлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги мехр мухаббат пойдевори дарз кетади. Инсон одоб-ахлоқини гўзал қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан хамсухбат бўлишдир. Бундай сухбатлар инсон қалбини ибратли хулқ-атвор билан бойитади ва уни яхшиликлар амалга оширишига ундайди.
Мана шу ерда бир хикматли хикояга эътиборингизни қаратсам:-“Бир подшох туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач икки вазирини хузурига чорлаб кўрган тушини баён қилибди. “Бу тушнинг табири нима ,агар таъбирини топсангиз ростини сўзланг дебди. Вазирлардан бири сўз бошлабди –“Подшохим бу яхшилик аломати эмас, барча қариндош уруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади ,сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз –дебди. Подшох бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб вазирни зиндонга ташлашни буюрибди. Сўнгра иккинчи вазир сўз бошлабди : “Шохим бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидур Аллох тоолани инояти билан сизга барча қариндошларингиз ичида узоқ умр ато этилур .Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин .-дебди. Бу қутловдан хурсанд бўлган Подшох вазирга иномлар бериб хурсанд қилибди ва ўзи хам хурсанд бўлибди .
Бир хил маънодаги икки хил таъбирни берган вазирлардан бири фахму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эхтиром одобидан бебахра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз сохиби бўлган иккинчи вазир эса туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарзда баён қилиб олқиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак азиз фарзандларнинг кишилар билан сўзлашиши, ўзаро муомаласи, гапирган сўзлари хикмат касб этиши керак.
Киши оғир –босиқлик билан шошмасдан, дона- дона, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим.
Чиройли одоблардан яна бири оҳиста сўзлашишдир. То эшитгувчилар уни яхши тушинишсин ва даврада ўтирганлар гапираётган кишининг мақсадини аниқ англаб, идрок этсинлар.
Муомала одобларидан бири шуки , сўзловчи киши хар бир жой ва вазиятга муносиб баҳо бериб, ўша даврадаги одамлар табияти, савияси ва урф –одатларини эътиборга олиб муносабатда бўлиш талаб этилади. Бу эса нотиқнинг ақл- фаросати, нозик диди, сўз махорати, кишилар рухиятини англай олиши ва ақлу идроки билан боғлиқ.
Сўзлаш ва муомала маданиятининг ўзига хос, адо қилиниши лозим бўлган хақлари бўлиб, улардан бири гапни ўта қисқа баён қилмасликдир. Бундай сўзланганида эшитгувчининг тушиниши қийинлашиб, сухбатдан қаноат хосил қилмайди. Ҳақлардан яна бири эса гапни жуда узун қилиб, эшитувчини малоллантириб қўймасликдир. Гап меъёридан ортиқ узун бўлганида ҳам, эшитувчи сиқилиб, уни тинглашга рағбати кескин пасаяди.
Қайси хонодонда таълим тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бўлади . Фарзанд мулоимлик фазилати билан аҳлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йироқ бўлса, одамлар орасида шу фазилати тўлин ойдек кўриниб туради. Сўзлашиш одоби хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. Мулоимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга мухаббатли бўлади.
З.Машарипова
Урганч шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси