Бугун биз яшаётган давр инсон тамаддунининг энг ривожланган чўққисига кўтарилган даври, илм-фан, техника-технологиялар ривожланган ва юксак имкониятлар эшиги очиқ давр ҳисобланади. Буни бир сўз билан айтганда глобаллашув асри деб аташ мумкин. Бу давр ўзининг ахборот оқимининг тезлиги, орқали намоён бўлмоқда. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, бу давр кенг имкониятлар даври бўлибгина қолмасдан, балки у ҳозирги шароитда ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўткир қуролига ҳам айланиб инсон ҳаётига ва у яшаётган жамиятга таъсир ўтказиши мумкин.
Глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш-қуралаш – оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ўрин олган. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ. Кўпчилик ёшлар интернетни маълумот олишнинг асосий манбаи деб қарайди. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ва кино ёзиб олиш учун кираётган ёшлар, манашу ахборот алмашинуви орқали кўринмас тахдидлар хужуми остида қолаётганларини сезмаяпдилар. Натижада эса базилари бундай хатарларнинг қурбонига айланмоқдалар. Инсон онгига зимдан хавф солувчи тахдид бу ғаразли ниятда ёлғон хабарлар ёки бузғунчи ғояларни тарғиб этиш орқали ёшлар онгини захарлашга қаратилган харакатлардир. Бу тахдидлар домига тушган кишида келажакка ишонч сусаяди ёки буткул йўқолади.
Глобал тармоқ орқали келаётган ахборот ёки маълумотларнинг кўпчилиги инсониятни тахликали йўлларга бошлашини, бу маълумотлар ҳаммаси ҳам тўғри маълумотлар эмаслигини, ҳали онги шуури ва эътиқоди тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшлар тушуниб етмаяптилар. Шунинг учун ёшларда хабар ва маълумотларни таҳлил эта олиш малакасини хосил қилиш зарур. Ҳар бир маълумотни текшириш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса,сизлар (ҳақийқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қовмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот, 6). Эхтиётсизлик ва бепарволик кишини маънавий бузулиш ва ўзи билмаган ҳолда эътиқодий қулликка олиб боради.
“Глобал тахдид”нинг яна бир жиҳати шуки, у доимий равишда молиялаштириб туришни талаб қилмайди, аксинча, ахлоқсизлик, маданиятсизлик, келажакка ишончсизлик, ўз жонига қасд қилиш, порнография, зўравонлик, гиёҳвандлик ва шу каби ёт иллатларни тарғиб қилувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар, турли босма нашрлар, глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган миллионлаб сайтлар улар учун доимий даромад манбаи вазифасини ҳам бажаради. бу эса, бутун инсоният тақдири жуда катта хавф остида қолиши мумкинлигини англатади. Бу каби омиллар бизнинг Ватанимиз, унинг бугуни ва эртаси учун ҳам улкан хавф манбаи эканлигини кўрсатади. Шунинг учун ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиши табиийдир. Шундай экан, ушбу масала баркамол авлодни шакллантириш жараёнида энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолаверади. Унга жиддий ёндашиш, масаланинг туб илдизларига етиб бориш ва уни ҳал этиш эса, бугунги кунимизнинг энг асосий талабидир.
Х.Матяқубов
Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби