Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ва Имом Термизий).
Барчамиз ҳозирги пайтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, аҳоли ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига этиш, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликлар хусусида, уларнинг асл сабабларини янада яхшироқ тушунмоқдамиз. Албатта, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак. Кези келганда таъкидлаш жоизки, бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаш, тинчлик-тотувликни асраш, бағрикенг бўлиш, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида аҳолимизга, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб беришимиз лозим. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини тўлиқ тушуниб етсинлар.
Тинчлик улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон бу мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.
Аллоҳ таоло неъматларининг хаққини адо этиш фақат Аллоҳга итоат қилиш, ўзига ҳамд айтиш, унга шукур қилиш билан бирга бўлади. Шу ўринда Каломи Қуръонда Оли-Имрон сураси 45-оятида шундай деб марҳамат қилади: “Шукур қилувчиларни албатта мукофотлаймиз”. Демак барчамиз баралла тинчликни, соғликни қадрига етиб ҳаёт кечирсак Роббимизни улкан мукофотларига эга бўлар эканмиз.
А.Абдушарипов
Янгиариқ тумани “Шайх Жалоладдин Румий” масжиди имом ноиби