Оила мустаҳкамлиги жамият равнақи

Исломда оилага катта эътибор берилади, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли қадриятларидан ҳисобланади. Инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири оила асосида турмушимизни жорий қилиб қўйганидир. Бунда жуфтларнинг ҳар бири ўзида хотиржамлик, сокинлик, билан бирга, иккинчи томонга нисбатан ўз зиммасидаги бурч ва вазифаларини ҳам идрок этиши лозимлигини кўрсатади. Айниқса, дунёга келадиган наслнинг истиқболи тўғрисида кўпроқ қайғуришлари талаб этилади. Инсон боласи туғилган кунидан она сутига, оқ ўраб, оқ тарашига, отасининг таъминотига ва бошқа ҳаёт талабларига эҳтиёжи бўлади.

Эр ва хотин никоҳланиб оилали бўлгандан кейин уларнинг ҳар бири иккинчиси олдида бир қанча вазифани ўз зиммасига олади Пайғамбаримиз алайхи солату вассалам  никоҳни эълон этишни ва одамлар орасида ёйишни буюрганлари баробарида тўйда куёв ёки келин тарафга ортиқча харажатлар бўлиши оилада келишмовчиликларга олиб келиш эхтимоли жуда катта эканлигини билдириб бундай ҳолатларда чин мусулмон инсон сифатида ортиқча харажатларга чек қўйиш лозимлигини айтадилар. Оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчлари мавжуд. Шу муносабат билан ислом дини ўз аҳлу аёлига нисбатан яхши муомилада бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллолоху алайхи ва саллам  шундай деб марҳамат қиладиларки: “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.деганлар. Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти камчилигу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёллари баъзи камчиликларни беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади. Пайғамбармиз алайхи солату вассалам марҳамат қиладилар:“Ҳеч бир мўмин ўз мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.деганлар. Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Ислом шариати ҳар қандай шароитда ҳам аёлни кийинтириш, таомлантириш, бошпана билан таъминлаш ва бошқа харажатларни эрнинг зиммасига юклаган. Булар Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайхи солату вассаламни  ҳадисларида ҳам зикр қилинган. Қуръони каримда: “…Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…”, – деб айтилган. Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ соллолоху алайхи ва салламдан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?”, – деб сўрашганда, У зот соллолоху алайхи ва саллам:“Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, – дедилар (Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда, Абу Масъуд ал-Ансорийдан нақл қилинишича, Расулуллоҳ соллолоху алайхи ва саллам  “Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, – деганлар. Яна бир хадисда Расулуллоҳ соллолоху алайхи ва саллам “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, – деб марҳамат қилганлар. Оила ҳаётида бошлиқ вазифасини эр адо этишини бугунги кунда барча халқлар бир овоздан тасдиқламоқдалар. Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига «масъулият» деб қаралади. Лекин «оила бошлиғи» дегани, баъзилар хаёл қилганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, «айтганим-айтган, деганим-деган» йўсинида «ҳокими мутлақ» бўлиш эмас. Балки бу эрнинг ўз оиласининг ҳамма тарафдан баркамол бўлиб, саодатли, тинч-омон яшашига оила бошлиғи сифатида масъул бўлишидир.

Ўз навбатида Оилада аёлнинг ўзига хос муштарак бурч ва вазифалари бор Исломда аёлнинг эрига итоат қилиши шариатга итоат қилишлик билан тенглаштирилади хатто ибодат сифатида кўрилади. Муслима аёллар хам эри олдидаги  вазифаларни адо этмоғи лозим бўлади. Яъни эрининг ҳурматини жойига қўйиб, унга итоат қилади. Эрини  мол-мулкини муҳофаза қилади. Ўз гўзаллигини фақат ўз эрига тақдим қилади ва ўзини номаҳрам нигоҳлардан сақлайди. Оилавий сирлар муносабатларни бошқаларга ошкор қилмайди.Эрини беҳудага ғазаблантирмайди. Барча ишларида эридан рухсат олади. Шарий халол бўлган барча айтганларини лаббай деб туради ва ўз вақтида бажаради. Эрини изинсиз нафл рўза тутиши (Рамазон рўзаси бундан мустасно) изинсиз уйига одам киритиши каби ишлар халол бўлмайди.Эрининг яқинларига жудаям яхши муомилада бўлиши керак бўлади бу иш эрнинг хотинидан рози бўлишига ва мухабати зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Умму Сулайм рози Аллоху анхудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайхи солату вассалам марҳамат қиладиларки: “Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда ўлса, жаннатга киради” (Ибн Можа ривояти). Аёл, демак, эрининг итоатида бўлиши туфайли Парвардигорнинг розилигига эришади. Ўзини, эрини ва фарзандларини ҳам бахтли қилади. Уйини эса тўлиқлигича муҳаббат, соғлом турмуш роҳат-фароғат, омонлик ва барқарорлик билан таъминлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда аёлларнинг вазифалари хусусида қуйидагича марҳамат қиладилар:  Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, — деганлар (Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган). Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оилаларда айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолини шаънига мос келмайдиган сўзу амаллар қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму-ҳаё, меҳру-оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланган.

Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттиришимиз, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдиришимиз лозим бўлади. Оила жамиятнинг асосий негизи. Соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантириш эса соғлом келажак демакдир. Оила ҳақида гапирар эканмиз, авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз даркор. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир. Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир. Оила – кишилар ҳаётининг энг муҳим қисми, фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир. Бу муқаддас масканда инсон дунёга келади, айнан мана шу ерда у маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топади.

З.Қаландарова

Хонқа туман бош имом-хатибининг  хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *