Ўзаро меҳр оқибатли бўлайлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

          Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, – дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисни Шарҳига келсак:Ҳақиқий мусулмон киши нафақат мусулмон биродарига, балки барча одамларга раҳмдил ва меҳрибон бўлади. Ушбу сифатларни ўзида жамлаган мўмин биродарларига зулм ёки хиёнат қилиши, уларга зулм этилишига сабабчи бўлиши мумкин эмас. Балки доимо одамларнинг ташвишини аритиш ва оғирини енгил қилиш ҳаракатида бўлади.

       Ҳадиси қудсийда шундай дейилади:

      “Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга “Бир банда қиёмат кунида битта яхшилик билан келади ва Мен уни ўша яхшилик сабабли жаннатга ҳукм қиламан ”, — деб ваҳий қилди. Довуд алайҳиссалом: “Роббим! У банда ким бўлди ?”деди. Аллоҳ таоло :“ У мўъмин биродарининг ҳожатини чиқариш учун сай-ҳаракат қиладиган ,ўша биродарининг ҳожатини чиқара оладими йўқми ,бундан қатъий назар унинг ҳожати раво бўлишини хоҳлайдиган банда, — деди ” ( Хатиб ,Ибн Асокир ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло ушбу ҳадиси қудсийда мусулмон биродарларига яхшилик қилишни севадиганлар ва уларнинг эҳтиёжларини  қондириш йўлида сай-ҳаракат қиладиганлар учун шу дунёнинг ўзида уларга жаннат башоратини бермоқда. Аллоҳ таоло мусулмон биродарларининг эҳтиёжларини  қондирадиган ёки эҳтиёжини қондиролмаса ҳам шу йўлда сай-ҳаракат қиладиган кишиларга кўплаб мукофотлар тайёрлаб қўйгандир.

       Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг ҳожатида сай-ҳаракат қилса, унинг бу ҳаракати ўн йил давомида эътикофда ўтиришдан яхшироқдир. Кимки Аллоҳнинг розилигини кўзлаб бир кун (масжидда) эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло у билан жаҳаннам ўртасида учта хандақ (чуқур) қилади, ҳар бир хандақнинг кенглиги машриқ билан мағрибнинг оралиғидан ҳам кенгдир”, дедилар.

Эътикоф бандани Роббисига яқинлаштирадиган энг афзал ибодатлардан бири бўлиб, эътикоф ўтирувчи билан шайтоннинг васвасаси ўртасида тўсиқ бўлади .Бироқ , мусулмон биродарининг эҳтиёжларини қондириш йўлида сай-ҳаракат қилиш унданда афзалдир.

Мусулмонларнинг ҳожатларини чиқариш қандай савобли амал еканлигини озгина бўлса ҳам билиб олдик. Келинг енди мусулмонларнингайбларини яшириш қандай амал еканлигини  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида келган муборак сўзлари билан ўрганиб олсак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда бошқа бир банданинг айбини шу дунёда беркитар экан , Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини беркитади”,  – дедилар(Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисни шарҳига келсак: мусулмон одам биродарлари айбини қидирмасдан, балки уларнинг айбини яширади. Ас-Саттор – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бўлиб, У зот бандаларининг айбларини яшириб, камчиликларини ёпувчи дегани. Кимки мусулмонларнинг айбларини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни одамлар олдида унинг айбини яширади, шармандаликдан асрайди. Уламолар мўминдан содир бўлган айб, гуноҳ ёки фужурга гувоҳ бўлиб қолган кишига уни яширмоқлик, яъни сатр этмоқлик мустаҳаблигига ижмоъ қилишган.

Яшириш дегани ҳақни ва одамларнинг ҳуқуқларини зое кетказишни тушунмаслик керак. Аллоҳга нисбатан гуноҳ қилганнинг айбларини фош етиб ,шарманда қилмасдан яшириш ижобий хислат, мумкин бўлган ҳолат. Аммо бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўладиган ҳолатда эса айбу камчилик яширилмасдан ,рўйирост гапирилади .

Бошқа бир ҳадисда эса: «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади», дейилади. (Ибн Можа ривояти).

 Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан воқеъ бўлган ишни сўзлаш ҳаром этилган ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Уламолардан бирлари айтганлар: «Осийларнинг айбини яширишга ҳаракат қил. Чунки уларнинг айби ошкор бўлиши аҳли исломга айбдир. Ишларнинг авлоси айбларни яширишдир». Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Мўмин яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса ошкор қилади ва айблайди».

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак Ҳақиқий мусулмон киши нафақат мусулмон биродарига, балки барча одамларга раҳмдил ва меҳрибон бўлади. Мусулмонларнинг ҳожатларини чиқариш ва уларнинг айбларини яшириш йўлида сай-ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчамизга мусулмонларнинг ҳожатларини чиқарувчилардан ва уларнинг айбларини яширувчилардан қилсин.

 

Б.Каримов

Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *