Динимизда ибодатлар орасида зикрнинг аҳамияти каттадир. Зикр луғатда: “эслаш”, “бирор нарсани ёдга олиш” деганидир. Истилоҳда эса: “Банда Аллоҳ таолони ёдга олиш”и тушунилади. Шунга кўра, Ислом шариатида буюрилган намоз, закот, рўза, ҳаж каби барча ибодатлар умумий маънода зикр ҳисобланади. Чунки ушбу ибодатларнинг ҳаммасида ҳам банда ўз Парвардигорини ёдга олади ва у билан боғланади.
Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таолони зикр қилишга буюрилган. Жумладан Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 41-оят).
Ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу амри илоҳийни бошқа илоҳий фармонлар қатори амалга ошириши лозимдир. Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандай буюрган бўлса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қандай таълим берган бўлсалар, шундай ёд этиши даркор.
Зикр – ибодатларнинг афзалидир. Бу ҳақида Сарвари олам ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Сизларга Хожангиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси бўладиган, даражаларингизни кўтарадиган, олтину кумушингизни инфоқ қилишдан кўра хайрли бўлган, душманингизга йўлиққанингизда ўзаро Аллоҳ йўлида урушишингиздан кўра яхшироқ бўлган амал ҳақида хабар бермайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Хабар беринг”, – дейишди. У зот: “Аллоҳни зикр қилишингиздир”, – дедилар. (Имом Табароний ривояти).
Зикрнинг фойдаси ва самарасини санаб адоғига етиб бўлмайди. Зикр аввало – Аллоҳ розилигига эришишнинг воситасидир. У шайтонга зарба бўлиб, унинг кучини заифлаштиради. Ожиз бандага қувват бағишлайди. Қалб ва юзни мунаввар қилади. Зикр ризқнинг мўл ва баракотли бўлишига сабаб бўлади. Инсон ҳаётига мазмун бағишлайди. Қалбни ғафлатдан уйғотади. Гуноҳ ва маъсиятларни ўчиради. Зикр турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқлаштиради. Бандани дунё ва охират саодатига эриштиради.
яъни: Мусъаб ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими?” – дедилар. Шунда у зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” – деб сўради. “Юзта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади”, – дедилар. (Имом Табароний ривояти).
Демак, 1 марта “Субҳаналлоҳ” деган бандага 10 та савоб ёзилади ва ундан 10 та гуноҳ ўчирилади. Ваҳоланки, бунга 1 сония вақт кетади холос. Бундан Исломда савоб амал қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
яъни: “Ким “субҳаналлоҳил азиим ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, ушбу ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
яъни: “Менинг “Субҳаналлоҳ”, ”Алҳамдулиллаҳ”, “Вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” демоғим – мен учун устига қуёш чиқадиган нарсалар (яъни, дунё)дан севимлироқдир” (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳлаб таъкидлайдиларки, бу ердаги “севимли”лик дунёнинг ўзига бўлган муҳаббат эмас, балки ушбу дунё ва ундаги нарсаларни сарфлаганда ҳосил бўладиган савоб экан. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дунёнинг ўзига муҳаббат қўймаган эканлар. У зот дунёни сарфлаш орқали келадиган савобга муҳаббат қўйган эканлар.
Машҳур саҳоба Абу Дардо разияллоҳу анҳу: “Ҳар бир нарсанинг ярқиратадиган жилоси бор. Қалблар жилоси эса – Аллоҳни зикр қилишдир”, – деганлар.
Шундай экан, барчамиз ушбу буюк ибодатдан ғафлатда қолмаслигимиз, доимо Аллоҳнинг зикри ила тилимиз банд бўлиб туришига эътибор бериб туришимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг зикри ила қалблари ором олувчи, зокир бандалар қаторида бўлишимизга муваффақ этсин!
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби