Ҳар бир давлатнинг равнақи ва фаровонлиги юртда амалда бўлган қонунларнинг адолатлилиги ва инсонпарварлигига, халқ томонидан ушбу кўрсатмаларга амал қилинишига боғлиқдир.
Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи ҳужжат бўлмиш Бош қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди.
Конституция миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос бўлган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган. Конституция миллий давлатчилигимизнинг рамзи сифатида инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқий қонуний манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бош қомусимизда баён этилган тамойиллар ҳар бир инсон ўзини чинакам бахтиёр хис этиши, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.
Бинобарин, Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Бошқа махлуқотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади.
Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан юртимиз мусулмонлари ҳам, белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар.
Қайд этиш жоизки, диний соҳада муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида жойларда тубдан янги қурилиб, халқимиз ихтиёрига топширилган Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Термиз шаҳридаги “Имом Термизий”, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидлари, Қарши туманидаги “Абул Муъин Насафий” мажмуаси, янгидан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Ҳадис илми мактаби”, буюк аждодларимизнинг илмий асарлари ва бошқа турли диний мавзулардаги адабиётлар етарли даражада нашр этилаётгани, юртдошларимизнинг кунлик ибодатлари билан бир қаторда муборак ҳаж ва умра ибодатларини тўла тўкис адо этаётганлари – диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Эътироф этишимиз лозим бўладики, мазкур ислоҳотлар ҳуқуқимиз кафолатлангани ва эркинлигимиз тўлиқ таъминланаётганлигидан далолатдир.
Бу ютуқлармизнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик демакдир.
Ислом таълимотига кўра, дин – инсон ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (Бақара сураси 256-оят).
Ислом бирор шахсни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди.
Амалдаги қонунларимизда ҳам айнан фуқароларнинг виждон эркинлиги ва бошқа диний эҳтиёжлари тўлиқ кафолатлангани, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Ислом дини азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили – оила дея эътироф этилган.
Қонунларимизда ҳам оила масаласига алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боб, 63-моддаси).
Шунингдек, шариатимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-атворли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, солиҳа қизга уйлантириш; қиз бўлса, имон-эътиқодли мусулмонга турмушга беришдир. Бу борада ҳам ислом динимизнинг қарашларига асосий ҳуқуқий қомусимиз ҳамоҳанг. Унга кўра:
“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, – дейилади (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боб, 64-моддаси).
Қуръони каримда шундай дейилади: “…Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 133-оят).
Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган бўлиб, фуқароларнинг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли экани кафолатланади.
Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динида жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар, аниқ ва равшан белгилаб берилган.
Энг аввало, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган, Жумладан: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом сураси, 151-оят).
Демак, ҳеч кимса бошқа кимсанинг ҳаётига тажовуз қилиши ва унинг яшаш ҳуқуқидан ноҳақ маҳрум қилиши мумкин эмас. Дунёда содир бўлаётган воқеалар замирида турли динлар ўртасида муросасизлик, адоват ва нафратни ёйиш, шу орқали тинч юртларни беқарор маконларга айлантиришга ҳаракат қилиш мақсади ётибди. Биз эса мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенгликда ҳаёт кечирмоқлигимиз лозим бўлади.
Бугунги кунда хорижда ўз юртдошларини алдаб, уларнинг қулликка маҳкум қилаётган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётган нобакор шахслар учун жиддий огоҳлантириш мавжуд.
Шу билан бирга, таълим олиш, меҳнат қилиш, даволаниш, эътиқод қилиш, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқлари ҳам динимизда ҳамма учун бирдек кафолатлангандир. Бош қомусимизда ҳам айнан мана шу ҳуқуқлар алоҳида моддалар билан кафолатлаб қўйилган. Кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.
Р.Рахимов
Янгиариқ тумани бош имом-хатиби