Ҳар бир давлатнинг ривожланиш йўлини, дастурини, унда яшовчи инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мажбуриятларини, эътиқод эркинлиги ва бошқа мезонларни белгилаб берувчи қомуси бўлади. 1992 йил 8—декабрда қабул қилинган Конституциямиз иқтисодиётда, ижтимоий-сиёсий муносабатларда ва маънавий ҳаётда чуқур ислоҳотлар ўтказиш учун пухта ҳуқуқий асос бўлди.
Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди, халқимиз тафаккурининг юксак намунаси бўлиб, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситадиган бирорта ҳам модда йўқдир. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.
Бугун диний бағрикенгликни, умуман, мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни янада мустаҳкамлашда турли конфессияларнинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрганиш катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади. Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади, яъни: инсоннинг ҳаётини, ақлини, динини, инсоннинг наслини, мол-мулкини муҳофаза қилади. Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.
Бугун Конституциямизнинг 31 йиллик байрамини нишонлар эканмиз,
тарих учун бир лаҳза бўлган шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
Мана шу вақт давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилди.
Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилди. Муборак ҳаж сафарига борувчи хожилар учун катта қулайликлар яратилди, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун улкан бахт бўлди, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар афв этилди. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта. Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим.
Шу ўринда ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бўлган «Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият», деган муқаддас тамойил моҳиятига тўхталиб ўтсак. Аслида бу тушунчанинг мағзида қандай маъно бор? Аввало шуни айтиш керакки, дунёнинг баъзи нуқталарида талофатли урушлар, улкан йўқотишлар, жабр-зулм, миллат ва элатларнинг ўзаро адоватга берилиши, бир-бирини камситишга уринишлар бўлаётган бир пайтда, юртимизда ўзаро ҳамкорликда инсонларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириш йўл-йўриқлари изланди. Ўшанда асосий эътибор инсоннинг асосий ҳуқуқларига, яъни инсон қадр-қиммати, шаънига ҳурмат билан қараш, жинслар ва миллатларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва бошқа қатор илғор ҳамда эзгу ғояларни қарор топтиришга эътибор қаратилди. Жумладан Бош қомусимизда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ ўнлаб меъёрлар, масалан, яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик, инсон шаъни ва обрўси, тураржой дахлсизлиги, мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод ҳамда виждон эркинлиги каби табиий, яъни инсон туғилганидан кейин бутун ҳаёти давомида фойдаланиши зарур бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, жамият ва давлатни бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этиш, жамоат бирлашмалари (касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ва нодавлат ташкилотларининг бошқа турлари)да иштирок этиш, бевосита ва бошқалар билан биргаликда тегишли жойларга мурожаат қилиш каби сиёсий ҳамда мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнатга лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш каби ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ўз ифодасини топгани ва булардан фуқароларимиз тўлиқ фойдаланаётгани ана шу ҳақ-ҳуқуқнинг бекаму кўст қарор топаётганидир. Азизлар, барча юртдошларимизга Бош Қомусимизнинг 31 йиллик байрами муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бундан-да зиёда бўлиб бормоқлигини муяссар айласин!
Хасанбой домла Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби