Ватанга муҳаббат — олий саодат

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ватанпарварлик маълум ва машҳур тамойил бўлиб, у инсоннинг ўз Ватанига муҳаббатини, уни асраб-авайлашга бўлган иштиёқини англатувчи ахлоқий тушунчадир. Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш эса ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган масала ҳисобланади.
Ватанпарварлик тамойили Ватан тушунчасини фидоийларча идрок этиш, муайян ҳудуд ва халққа муҳаббат ҳисси сингари омиллар билан боғлиқ.
Бу тамойил хаёлий туйғуга эмас, балки муайян замонга, муайян ватандош инсонларга бўлган муҳаббатга асосланган ахлоқий хатти-ҳаракатлар мажмуидир.
Ватанпарварлик аниқ муҳитда, заминда ва мавжуд маънавий–ахлоқий қадриятлар асосида шаклланади. Шахс ватанпарварлик туйғусини яратмайди, балки, уни тайёр ҳолда қабул қилади. Чунки ватанпарварлик узоқ тарихий ривожланиш жараёнида шаклланадиган ижтимоий туйғудир.
Ватанпарварлик кишиларнинг ижтимоий ва маънавий ахлоқий хислатларининг, фазилатларининг юксак даражада намоён бўлиши ҳисобланади. Зеро, улар негизида ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, урф-одатларни, қадриятларни сақлаш, эл-юрт равнақи учун чин дилдан меҳнат қилиб, Ватанни душманларидан ҳимоя қилиш, ҳар қандай қарамликдан озод этиш, ҳатто зарур бўлса, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямаслик каби эзгу ғоялар ётади.
Муқаддас динимизда Ватанни севиш имоннинг белгиси экани айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида, асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).
Пайғамбаримиз она шаҳридан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шакшубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.
Мўътабар ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини ниқтаганлари келтирилган. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш зарурлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.
Ватанпарварлик деганда, аввало, она заминга бўлган муҳаббат, уни севиш, ардоқлаш ва равнақи учун ғамхўрлик қилиш тушунилади.
Мустақил юртимиз фуқаролари, хусусан, ёшлари руҳиятида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш уларни ривожланган демократик, адолатли ва ҳуқуқий жамиятни барпо этишнинг муҳим кафолати саналади. Шунинг учун ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш бутун тарбиявий ишимизнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолиши лозим.
Мухтасар айтганда, бугун Ватанимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини фақат кўриш, кузатиш эмас, балки муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.
Ватанимиз тинч, Осмонимиз мусаффо бўлсин. Амин.

М.Абдуллаев
Урганч шаҳар «Охун бобо» масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *