Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг қимматбахоси – дини ва ватанидир. Бирор инсон йўқки, ватанини севмаса, улуғламаса. Қандай улуғламасин?! Чунки, Ватан унинг киндик қони тўкилган, беғубор болалик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурган, ўчмас хотиралари муҳрланган, ота – боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир.
Фақат инсон эмас, ҳатто хайвонлар ҳам ўз ватани – инини бошқа ҳеч бир нарсага алмаштирмайди. Алмаштиришга рози ҳам бўлмайди. Унинг йўлида ҳар қандай қиммат ва нафис нарсаларини қурбон қилади.
Қушлар инида бахтиёр яшайди. Бирор нарсани хасчўпдан бўлган инига алмаштирмайди.
Балиқлар денгиз ва оқеанлар оша минглаб чақиримларни сузиб ўтадилар. Яна барибир ўз ватанларига қайтадилар.
Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. У ҳам яна ўз инига – ватанига қайтади.
Иёс ибн Муовия бир жойдан ўтаётиб: Ватанидан айрилган, ғариб итнинг овозини эшитяпман, — деди. Буни қандай билдингиз?, деганда, унинг паст овозда, бошқа итларнинг баланд овозда вовиллашидан, — деди.
Баъзи ҳайвонлар асл ватанидан бошқа жойга кўчирилса, нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма – ҳазрати инсондан тортиб, то майда ҳашаротларгача ўз ватанини севади. Демак, бу мавжудодлар устидаги Аллоҳнинг одати, суннати, қонуни. Уни инсоннинг ҳам, бошқа жонзотларнинг ҳам фитратига Аллоҳ солиб қўйган. Бўлмаса, ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутубларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда яшашга уларни нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина ватанларига бўлган муҳаббатдир.
“Ватанпарвар” сўзи аслида одамларга нисбатан қўлланади. Улардан бошқаларга “ватанпарвар” сўзи шартли равшда ишлатилади.
Бироқ дунёда шундай ҳашоратлар, шундай қушлар борки, ўз инлари – ошёнларига бўлган хурмати, меҳри ва садоқатини кўриб, ҳайратга тушасан киши.
Ҳар бир фуқаронинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари мавжуд. Бу хусусда қуйида алохида суз юритилади. Уларнинг энг мухимлари учта:
Биринчи ҳаққи: Ватанга чин муҳаббат қўйишдир.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафрдан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.
Абу Абдуллоҳ айтади: “Ҳорис ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар”, ривоятини зиёда қилган” (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчи ҳаққи: Ватанни обод этиш.
“…У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди…” (Ҳуд сураси, 61 – оят).
Учинчи ҳаққи: Унда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг…”
(Аъроф сураси, 56 оят).
М.Саидниёзов
Боғот тумани “Эрали Эшон бобо” масжиди имом-хатиби