Закот тушунчаси

Закот- Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи Мунавварада ҳижрий иккинчи санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закотнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.  «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган. Мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган. Қуръони Каримда закотнинг фарзлиги ва унинг фазилатлари ҳақида бир неча ояти карималар нозил бўлган. Қуръони Каримда «закот» сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган.«Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз» (Нур сураси, 56-оят). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги(бурч)ни бажарибсан», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Фиқҳ китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. Закотда уни берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Исломда аввал закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам закот бериш билан покланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларга эришиши баён этилади. Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги бойлар бахиллик балосидан покланадилар. Қай бир жамиятда, қай бир кишида бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг тўғри йўли закотдир. Закот бериш бой кишининг Аллоҳ томонидан ўзига берилган неъматларга шукронаси ҳамдир. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар. Бундан ташқари, у эзгу инсоний ғоялар, ахлоқий тавсиялар ва маънавий қадриятларни ҳам мужассам этган. Зеро, закот орқали берувчига ҳам, олувчига ҳам, жамиятга ҳам манфаат етади.

                 Мамлакатимизда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукмрон. Фаровон ҳаётимиз учун доимо шукр этмоғимиз, тинчлик ва маъмурчиликни қадрламоғимиз керак. Закот ҳикматларидан бири яна шундан иборатки, у туфайли жамиятда ўзаро тенглик қарор топади, илиқ муносабатлар қарор топади, берувчининг моли покланиш баробарида талофотдан асралади, кўпайишига замин тайёрланади. Закотни адо этиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳга яқинлаштиради, имоннинг ортишига сабаб бўлади, мол учун закот ўташ гуноҳлардан фориғ бўлишга ҳам олиб келади. Зеро, у  садақа кабидир. Садақа эса, ҳадисларда таъкидланганидек, сув оловни ўчиргани каби гуноҳларни ўчиради. Ёки Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Бирон-бир садақа молни камайтирган эмас!» Закот бериш орқали киши муҳтож, камбағал-бечораларга раҳм-шафқат кўрсатади, уларнинг дард-аламларини ҳис қилади. Бу эса, закот берган кишининг руҳияти тиниқлашиб, қалб чигалларининг ёзилишига энг яхши омилдир.Тақдим этилаётган закот туфайли қайсидир ҳожатманднинг ҳожати раво бўлиб, муҳтожнинг эҳтиёжи қопланди. Ўксиклар дили чароғон бўлади.  Закот ва хайру эҳсоннинг яна бир хосияти шундаки, у туфайли кишининг хатою камчиликлари унутилади, ҳурматга, муҳаббатга сазовор бўлади. Ўз навбатида инсон феъл-атворидаги бахиллик, зиқналик каби нуқсонлар ҳам барҳам топади.

          Юқорида молиявий ибодатнинг жамият учун ҳам фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлагандик. Дарҳақиқат, ижтимоий ночор қатлам эгалари —  бева-бечора, етим-есир, имконияти чекланган, якка-ёлғиз, қаровга муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олинади, моддий эҳтиёжларининг бир мунча қопланиши эса, уларга маънавий далда ҳам беради. Қолаверса, закот жамиятда иноқлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, молиявий ибодатни бажариш давлатга қут-барака киришига ҳам сабаб бўлади. Иккинчи томондан, закот тадбиркорликнинг ривожланишига ҳам туртки бўлади. Молиявий ибодат учун муайян миқдордаги маблағга эга бўлиш жоиз. Бу нисобдир. Закот тилла, кумуш, пул, деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз томонидан қатъий белгиланган. Тилланинг нисоби 20 мисқол (85 гр.) бўлиб, ундан  0,5 мисқол (2,5 гр.), яъни  қирқдан бири закот учун ажратилади. Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт. Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида, нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун бир йил давомида кўпайиши, ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо ем-хашак 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Бундан ташқари, нақд пул ва тижорат молларидан ҳам закот берилади.

         Закотнинг савоби мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга бериш муҳим. Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув-шартнома тўловларига ёрдам бериш энг мустаҳиқ ўринлардан бири, дейиш мумкин. Зеро, улар келажакда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлиб етишадилар. Закот ота-она, фарзандлар, эр-хотин ўртасида берилмайди, масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналари қурилишига ҳам сарфланмайди. Шунингдек, ўзи яшаб турган ҳудуд ва шаҳарда фақир ва мискинлар қолиб, ўзга ҳудудлардаги муҳтожларга юбориш ҳам макруҳ. Закотни беришда маслаҳат ила маълум ўринларга, юқорида қайди келган закотни олишга ҳақли бўлган, эҳтиёжманд кишиларга бериш амалнинг айни қабул шартидир. турли нопок ғаламис кишиларнинг қўлига бериб қўйиб, алал оқибат афсус ва надомат чекишдан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ушбу маънавий ибодатни адо этмоққа чоғланганлар, аслида эл-юрт манфаати, мискинлар фароғатини ўйлаган дарёдил кишилар десак, янглишмаймиз.

Ха азизлар биз закот тўғрисида тўхталмасдан закот ахкомларини гапиришимиз ёзишимиз мумкин бу катта илм катта ақидадир. Бугунги мақсадимиз эса мол мулкингизда пулингизда ўзгалар мискинлар эхтиёжмандлар хаққи борлигини эслатишдан иборатдир эрта қиёматда моли нисобга етганлардан молингиздан хаққи борлар у дунёда мендан қарзинг бор эди деб ёқангиздан олишлар аниқ ва равшандир. Шуни учун фурсатни бой берманг ушбу улуғ Рамазон кунларида закотни хақдорларга беришни унитманг!

 

М.Бекметов

Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *