Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Ислом таълимотида ёшлар тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Исломнинг дастлабки ўн уч йилида, яъни Макка даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг онгу шуурига Аллоҳнинг яккаю ягоналигини сингдириш баробарида уларга одоб-ахлоқ масалаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада ўз ёнларига 8–16 ёшли (Али, Талҳа, Зубайр) каби кўплаб ёшларни олиб, аввало, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. У (дўзах)нинг устида қаттиқдил ва қаттиққўл, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Таҳрим, 6). Ушбу оятда мўмин киши ўзи ва оила аъзоларини Аллоҳга итоа этиш, У Зот қайтарган ишлардан тийилишга чақириш орқали жаҳаннам азобидан қутқариши лозимлиги таъкидланмоқда.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти). Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу оятни: “Оила аъзоларингизга яхшиликни таълим беринг, уларга одобни ўргатинг!” деб тафсир қилган (Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Жарир ривояти).
Муборак ҳадиси шарифларда тарбия ахлоқни шакллантирувчи муҳим шарти сифатида белгиланган. Жумладан, Жобир мбн Самурадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар”. (Термизий ривояти) Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан савобли ҳамдир.
Яна бир ҳадисда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди” дея келтирилади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади». Бундан кўриниб турибтики, ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғлиги керак. Чунки, ер юзида жамики инсоният ҳар неки ишни амалга оширмасин, унинг амалга ошираётган ишлари тарбия маҳсули ҳисобланади. Эндиликда ёшлар тарбияси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас” дея такидлайдилар.
Бугун Ўзбекистон ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан бутун дунёни ҳайратга сола бошладилар. Бунинг замирида давлатимиз раҳнамолигида ёшларга оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан” дейди доно халимиз. Шундай экан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.
А.Жуманиязов
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби