Ёшларимизни турли ёт оқимлардан асрайлик

Бугунги кунда айниқса ижтимоий тармоқларида турли хил, ислом таълимотига зид ғоялар билан чиқишлар қилаётганларнинг мақсадлари мусулмонларни айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштиришдан бошқа нарса эмаслиги аниқ ва равшандир. Сўнги йилларда суннийликдаги Нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайхлар, эшонлар томонидан бузиб тарғиб қилинаётганлиги, баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг асл мақсади шариат аҳкомларига зид ҳолатда  талқин этилаётганини кузатиш мумкин. Сохта  тариқатчиларнинг айниқса, пирлар ҳақида айтаётган даъволарига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин-мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложи йўқ. Уларнинг даъвосига кўра пири йўқнинг – пири шайтон бўлади, пирга қўл бермаган кишини мусулмон деб бўлмайди, пирлар ғайбий сирларни билади, Азроил алайхис салам хам пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмайди, Мункар ва Накир ҳам  пирнинг изнисиз савол-жавоб қилмайди, муриднинг жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқ, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўяди, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига борилмайди. Шунингдек, уларга “Нима учун фалон вожиб амални қилмайсизлар?” дейилса,“Шайхимиз айтмаган нарсани қилмаймиз”, дейдилар. Баъзилари : “Бизнинг шайхимиз ўзларининг нечта муриди бўлса, ҳаммасининг қаерда тургани ва ҳатто қайси ёнбоши билан ётганини билиб турадилар. Ким бунга ишонмаса, фалон бўлади”, деса,  яна бирлари “Бизнинг шайхимизга байъат қилмаганлар жоҳилият ўлими билан ўлади”, дейдилар. Фалончи намоз ўқиб, дуо қилса, вафот этган шайхи келиб, қўлидан ушлаб, шаҳарни айлантириб чиқар эмиш, дейдиганлари ҳам топилади.

 Шаърий  далилларга тўғри келмайдиган хато даъволари эса мусулмонлар ичида турли ихтилофларга сабаб бўлмоқда. Масалан, таҳажжуд ва нафл намозларини фарз, вожиб ҳисоблайдилар, ясама тишли имом орқасидан намоз ўқиб бўлмайди, қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди, намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва Қуръон тиловат қилиш макруҳ, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас, чап қўл билан синдирилган нонни ейиш мумкин эмас, чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади,  шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур дейдилар.Ўзини  тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган бу  кимсаларнинг айримлари “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Илм ўқиган гумроҳ бўлади деган даъвони қиладилар. Ваҳоланки, Абу Ҳомид Ғаззолий ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”. Абу Язид Бистомий : “Агар бир кишига кароматлар берилиб, ҳаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча, ундай кимсага алданиб қолманг”, деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар. Хожа Аҳмад Яссавий эса: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.

Сохта тариқатчиларнинг юқорида санаб ўтилган, соф  эътиқодга тўғри келмайдиган,  шариъатнинг ҳукмларига зид келадиган  даъволарининг барчасининг сабаби уларнинг илмдан узоқлиги, “шариат илмлари ва бошқа илмларни ўрганиш бу – адашишликдир” деган даъвосининг натижасидир. Аслидачи, аслида шайхда имон, тақво билан биргаликда муршидлик сифати бўлиши керак. Муршид дегани иршод қилувчи – кишиларни тўғри йўлга бошловчи деганидир. Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлигини Қуръони карим “Тавба” сурасини 122-оятида қуйидагича баён қилади:

“Ҳар жамоадан бир тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар.”  Бу ояти каримада Ислом ўз динимизни чуқур англаб етишга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди. Демак, иршод қилиш учун аввало динда фаҳиқ бўлиш, уни чуқур англаб етиш керак. Динда фақиҳ бўлиш эса Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарони пухта эгаллаши, шариат, ақида, имон, ислом, тақво, эҳсон ва шукр каби асосларни чуқур билишни тақозо этади. Бу нарсаларни аъло даражада ўзлаштирмаган киши муршид-шайх ҳам бўла олмайди. Бу илмларга эга инсон юқорида айтиб ўтилган даъволар қанчалик нотўғри эканлигини англаб етиб, бундай даъволардан тезда воч кечади.

Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда  юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда:  “Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал” дейилган. Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида  фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради”, – деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Бир фозил киши ўғлига: “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”, – деган. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний  каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.

Шундай экан, илм йўлини махкам тутиш, шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқмаслик, асоссиз гап-сўзларни  ўзига ақида қилиб олмаслик  бу каби  муаммоларни барчасини узил-кесил бартараф қилиб,  ихтилофларни кўтаришга, бугунги ноқулай ҳолатлардан чиқиб олишга  сабаб бўлади.Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади. Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар. Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Асли мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни ғайри маънога буриб одамларни чалғитмоқдалар. Жумладан, ўзларининг турли хилдаги жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан хаспўшламоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: яъни: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайхис- саламдан яъни: “Мусулмон киши мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, — дедилар (Абу Довуд ривояти). Ривоят қилинишича, бир куни Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”. Динимизда ўз юртига қарши қурол кўтарган, мусулмонлар жамиятига қарши уруш эълон қилган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарган тоифани боғийлар (тажовузкорлар) деб номланади.

Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди.

Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар. Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло ҳаммамизни имонда, исломда собитқадам қилиб, ўзининг ҳидоятидан айирмасин.

А.Бобожонов

Гурлан тумани “Усмон Саид бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *