Ижтимоий иллатлардан фарзандларимизни асрайлик

Миллий кадриятларимиз ёшларни барча ёмонликлардан сақланадиган, яхши амалларни қилишга рағбат қиладиган, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, жамиятга наф келтирувчи, оиласи, маҳалласи, Ватанини ҳимоя қилувчи, юртни обод қилувчи бунёдкор, ўзига юклатилган маъсулиятни мукаммал адо этувчи шахс бўлиб камол топишга даъват этади. Аммо ижтимоий ҳаётда қатор иллатлар мавжудки, улар инсонни оиласи, жамият ва давлат олиддаги бурчи ва маъсулиятидан узоқлаштириб қўяди. Уларнинг айримлари устида тўхталиб ўтиш жоиз саналади.

Ижтимоий иллатлар:

-оммавий маданиятга эргашиш, билимсизлик, ахлоқсизли, маданиятсизлик ва тартибсизликни тарғиб қилиш;

-жиноятчилик йўлига кириш;

-кашандалик;

-ўзи жонига қасд қилиш

-гиёҳвандлик;

— аҳлоқсизлик;

-спиртли ичимликларга ружу қўйиш;

-жамоат жойида кийиниш маданиятини бузган ҳолда юриш, миллий ва диний қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик;

— катталарга ҳурматсизлик.

“Оммавий маданият” деганда ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар назарда тутилади.

“Оммавий маданият” ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қарашни тарғиб қилади.

Гиёҳвандлик – вақтинча эйфорик кайфият (вақтичоғлик) пайдо этиб ўз домига ботқоққа тортгандай тортиб кетгувчи салбий иллат бўлиб, у инсонда табиий ва синтетик моддаларга паталогик мойил бўлиб қолишни англатади. У гиёҳванд воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган хасталикдир.

Кашандалик — чекувчи ёнида туриш натижасида 200 мингдан 1 миллионгача бўлган болаларда астма касаллиги оғир шаклда кечади. Кашандалар дастидан бир йилда салкам 700 тонна синил кислота, 400 минг тонна аммиак, 600 минг тонна қорамой ва 100 минг тонна чекилган сигаретадан атмосферага никотин тарқалар экан.

Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб айтганлар: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Инсон ҳаёти айниқса, ёшларимизнинг келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланиши лозим. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд бўлган зарарли иллатни йўқ қилиш ва уни олдини олиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир

Хатарли ижтимоий иллатлардан яна бири бу ўз жонига қасд қилишлик.

Исломда ўзини ўлдириш қатъиян ман этилган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни  ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (“Нисо” сураси, 29-оят). Уламолар  “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласини мусулмонлар учун бир-бирларини, шунингдек ўз-ўзини ўлдиришни таъқиқ сифатида тафсир қиладилар.

Кўплаб ҳадисларда ҳам инсон ўзини-ўзи ўлдириши ман этилгани таъкидланади, масалан: “Собит ибн аз-Заҳҳок ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “… Кимки бирор қурол билан ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ўша қурол билан унга азоб берилади. Мўъминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир.

Яна бир иллат борки, унинг натижасида жамият пароканда бўлиб, тарбия буткул издан чиқиши мумкин. Бу лоқайдликдир. Лоқайдлик – жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Агар бир мевага чирик тушса тез орада чирик тушган жойини кесиб олиб ташламаса мевани ҳамма жойини эгаллайди. Шуни яхши билишимиз керакки бугун биз лоқайд бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир оқибат биз ҳам мева сингари чириндига айланиб қоламиз. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизни вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир. Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини  асраш йўллари:

— мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш;

— ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болаликдан шакллантириш;

— мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;

— шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш;

— таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан, зарарли илларлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан қуроллантириб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хусусида улар хавф туғдирмасидан аввал маълумотга эга бўлиб боришларига шароит яратиш ҳамда доимо огоҳлик, дахлдорлик туйғуларини қалбларимизда мужассам этиб боришимиз лозим.

Б.Сирожов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *