Ёш болаларни тарбия қилиш ва уларга эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг зарур вазифасидир. Бу борада ҳозиргача бир қанча китоблар ва қўлланмалар нашр этилган. Биз мазкур нашр эттирилган китоблардаги фикр-мулоҳаза ва кўрсатмаларни жамлаган ҳолда қуйидаги маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.1. Ўз фарзандингизга тавҳид калимасини “Ла илааҳа иллаллоҳ муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ”ни ўргатинг. 2. Биз инсонлар нима учун яратилганимиз ва ибодат бизнинг олий вазифамиз экани борасида таълим беринг. 3. Фарзандингизда Аллоҳ ҳақидаги тасаввурлари салбий бўлиб қолмаслиги учун дўзах, азоб, Аллоҳнинг ғазаби ҳамда Унинг жазолаши ҳақидаги маълумотларни кўпайтириб юборманг. 4. Аллоҳ таоло бизни яратгани, бизга ризқ беришини, бизга барча ноз-неъматларни ато этишини, бизни мусулмон қилиб қўйганини ва бизни едириб-ичиришини қайта-қайта уқтириб, фарзандингизда Аллоҳни янада яхши кўриш ҳиссини уйғотинг. 5. Хато ва ёмон ишларни қилмаслигига огоҳлантиринг. Хилватда, яъни, якка ўзи қолганда ҳам ёмон ишларни қилмаслигини ўргатинг. Чунки Аллоҳ таоло уни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўриб туришини тушунтиринг. 6. Аллоҳни зикр қилдирадиган ибодатларни кўпайтиришини айтинг. Овқат ва ичимлик ичишдан олдин ҳамда бир жойга кириш ва у ердан чиқишдан олдин “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” дейишни уқтиринг. Овқат еб бўлгандан кейин “Алҳамдулиллаҳ”, ҳайратланган пайтида “Субҳаналлоҳ” дейишини ва мана шу каби Аллоҳни эслатувчи ибораларни айтишини ўргатинг. 7. Фарзандингизга Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримизни яхши кўрсатинг. Унга пайғамбаримизнинг яхши сифатлари, пайғамбарлар тарихини акс эттирувчи қиссалардан ўқиб беринг. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг номларини эшитган пайтида “саллоллоҳу алайҳи васаллам” деб уларга саловат этишини ўргатинг. 8. Унинг зеҳнида Аллоҳнинг қазо ва қадари ҳақида маълумотларни киритиб боринг. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлишини ва агар хоҳламаса, ҳеч нарса бўлмаслигини уқтиринг. 9. Фарзандингизга олтита иймон арконларини ўргатинг. 10. Фарзандингизга ақидавий масалалар бўйича савол-жавоблар қилиб туринг. Масалан: “Раббинг ким?”, “Дининг нима?”, “Пайғамбаринг ким?”, “Нима учун яратилганмиз?”, “Ким бизни кийинтиради, едиради, ичиради ва шифо беради?”, “Тавҳиднинг нечта қисмлари бор?”, “Ширк, куфр ва мунофиқлик нима?”, “Ҳар бир мушрик, кофир ва мунофиқнинг оқибати қандай бўлади?” каби саволлар бериб туринг.Ибодат11. Фарзандингизга исломнинг бешта арконини ўргатинг. 12. Фарзандингизга намозни машқ қилдиринг. “Ўз фарзандингизни етти ёшидан намозга ўргатинг. Агар ўн ёшларида ҳам ўқимасалар, қаттиқ чора кўринг”. 13. Фарзандингизни масжидларга бирга олиб боринг ва уларга қандай таҳорат қилишни ўргатинг. 14. Фарзандингизга масжид одоблари, уни ҳурматлаш ва муқаддаслигини ўргатинг. 15. Фарзандингизга рўзани машқ қилдиринг. Ўшанда улар катта бўлганларида қийналмайдилар. 16. Фарзандингизни Қуръон, ҳадислар ва саҳиҳ зикрларни ёд олишида қўллаб-қувватланг. 17. Фарзандингиз Қуръон ва ҳадисдан ёд олишида рағбат беринг. Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: “Менга дадам “Эй ўғлим, бирорта ҳадисни эшитсанг ва уни ёд олсанг сенга бир дирҳам бераман” деганлар. Мен шу тариқа ҳадис илмини ўрганиб олдим”. 18. Лекин фарзандингизни Қуръондан кўп ёдлатиш ва дарслар билан чарчатиб, толиқтириб қўйманг. Акс ҳолда, у Қуръонни ёдлашни ёмон кўриб қолади. 19. Сиз ўз фарзандингиз учун ибрат эканлигингизни унутманг. Агар сиз ўзингиз ибодатни чала қилсангиз ёки дангасалик қилсангиз ёки ибодатни амалга оширишда қийинчилик сезсангиз, фарзандларингиз сиздан таъсирланади ва улар ҳам қийинчилик деб баҳона қиладилар ва балки ибодатдан узоқлашиб ҳам кетишлари мумкин.
Ш. Атажанов
Хива тумани «Шайх Мавлон бобо» иасжид имом-хатиби