Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: «Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз» (Бақара, 208). Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
Ватан деганда Ўзбекистон Республикаси идрок этамиз. Ватан хисси – шу Ватаннинг эгаси бўлмиш халқни билишдан, унинг кадрига етишдан, нималарга қодир бўлганини тан олишдан, буюклигини эътироф этишдан бошланади. Ватан ва халк эгизак, муштарак тушунча бирисини хис этиш учун иккинчисини билмоқ керак. Ватан хисси – бу унинг эгаси бўлмиш халқни севмок, хурмат қилмоқ қадрига етмоқ ва эътироф этмоқ демакдир. Ватан бу халқнинг ўтмиши бугуни ва келажагидир. Бу унинг маданияти, маънавияти, маърифати, тили ва дини, феъл-атвори, ота-боболаридан қолган олтин меъроси томирларида гупурлаб турган аждоддан авлодга ўтиб келаётган покиза қони, тарихидаги мухим босқичлари, буюк давлат қуриш максадида олиб бораётган курашидир.Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти.
Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади. Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор. Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарб саналади.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.
Р. Рўзметова
Хива туман «Гулшан» маҳалласи отинойиси