Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган қарийб йигирма уч йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.
Бугунги кунда халқаро аҳволнинг тез ўзгарувчанлиги, дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нохуш воқеалар ҳар биримиздан огоҳ бўлиб яшашни, тинчликни қадрлаш, ҳимоя қилиш, унинг учун курашишни талаб этмоқда. Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.
Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қарашимиз керак.
Шу билан бирга, яна бир муҳим масала — оила мустаҳкамлигини сақлашдир. Зеро, оила мустаҳкамлиги замирида Ватан осойишталиги мужассам. Фарзандлари билимли, имонли, меҳрли, оқибатли, дунё таниган, юртга фидойи бўлган оила қасри ҳеч қачон бузилмайди.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.
М. Жумнаиёзова
Хива туман «Чанашик» маҳалласи отинойиси