Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ хадя бероломас” — деганлар. (Имом Термизий ривояти). Яъни инсон ўз зурриётига бериши мумкин бўлган нарсаларнинг энг яхшиси моддий эмас, балки маънавий неъмат, тарбиядир.Тарбияли фарзанд, ота-онасини дунёда раҳмат ва ташаккурларга, охиратда эса, Аллоҳнинг розилигига мушарраф этиши баробарида, жамият ривожига ҳисса қўшадиган бўлади. Тарбия моҳиятини чуқур англаб етган аждодларимиз бунга катта эътибор берганлар. Хусусан, китобларимизда фарзанд тарбияси ҳақида шундай дейилади. “Фарзанд ота-она қўлидаги омонатдир, унинг дили эса нафис гавҳарга ўхшайди. Гавҳар ҳар хил нақшлар каби безалгани каби бола дилига ҳам эзгу фикрлар нақшини солиши мумкин. Бола қалби тоза тупроқ кабидир, унга қандай уруғ сепсанг, ўша уруғ унади.Шунинг учун ота-она ва муаллим бу ишда ўзаро ҳамкор бўлиб, унинг дилига яхшилик уруғларини қадамоқлари лозим». Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобларга амал қилган кишиларга ажр-савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.
Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. У одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлганда ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Фарзандларини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиб, ўқиб ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумид-дин” китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшилликка ундалса ва ўргатилса унинг устида ўтаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота – онаси ҳамда одоб, таълим – тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”
Шу ўринда савол туғилиши мумкин — Фарзанд тарбияси инсон ҳаётида шунчалар аҳамиятли экан, уни қачондан бошлаш керак. Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Кимдир туғилгандан сўнг деса, яна кимдир, бола оқу қорани ажрата бошлагач, деб фикр билдиради. Лекин фарзанд тарбиясига ҳали у туғилмасдан илгари, аниқроғи янги оила қурилаётган чоғидаёқ киришмоқ керак. Яъни аввало, оталарнинг ўзлари намунали хулқ эгалари бўлишга ҳаракат қилишлари, шунингдек, фарзандига яхши касб ўргатиб, илмли, одобли, ҳалол бўлишга чорлашлари лозим. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсон дунёдан ўтгач унинг амал дафтари ёпилади, фақат унинг уч амалидан савоб етиб туради. Булар, қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги, солиҳ фарзандининг қилган хайрли дуоси” – деганлар. (Имом Термизий ривояти) Инсон бу синов дунёсидан ўтганидан сўнг ҳам савоб етиб туришини хоҳласа, фарзандини солиҳ кишилар қилиб тарбиялаши керак.
М. Гаданиёзова
Хива тумани «Оқёп» маҳалласи отинойиси