“Муҳаррам” сўзи луғатда ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Ашуро араб тилида “Ашур” – “ўнинчи” деган маънони билдиради. Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ “Танбиҳул ғофилин” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».Демак, шу куни инсоният тарихида жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлган экан. Унинг шукронасига ўша куни ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавми рўза тутишган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят).Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни шарҳлаб: “Бу тўрт ой – Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам ва Ражабдир…” деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти). Ислом тақвими ўн икки ойдан иборат. Аммо биз бу ойларнинг баъзилари ҳақидагина маълумот биламиз, холос. Аксарият одамлар Рамазон ойида рўза тутишни, Зулҳижжада эса қурбонлик қилишни билади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифларда бу ой – Аллоҳ таолонинг ойи деб аталади, бошқа ҳеч бир ойга бундай шараф берилмаган. Дарҳақиқат, муҳаррам ойи Рамазондан кейинги мартабада туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазли-раҳматидир.
Уламолар беш вақт ва жума намози, рамазон рўзаси ва фазилатли кунлардаги рўзалар каби ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар.Демак, улуғ муҳаррам ойида нафл ибодатларни кўпайтирсак, жумладан, ундаги Ашуро куни ва ундан бир кун олдин ёки кейинги кун нафл рўза тутсак, кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўламиз, иншааллоҳ. Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўзғорни бут қилиб қўйиши суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, деганлар (Имом Тобароний ва Имом Байҳақийлар ривояти).
Муҳаррам ойи мусулмонлар учун ҳам диний, ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бу ой Аллоҳ таоло томонидан нафақат муқаддас деб белгилаб қўйилган, балки Ислом тақвимининг биринчи ойи бўлиб, мусулмонлар бу ойда Мадинага ҳижрат қилганлар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз», деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: «Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади», деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти). Муҳаррам ойининг 10 куни – Ашуро куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни рўза тутишга даъват этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз», дедилар (Имом Муслим ривояти). Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Аллоҳ таоло муҳаррам ойи кириши билан бошланадиган 1446 ҳижрий йилни барчамизга муборак қилсин! Бу йил ҳаммамиз учун хайру барака йили бўлишини насиб этсин. Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
М.Бекметов
Гурлан тумани бош имом-хатиби