Диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир.
Улар қаторига «ал-Қоида», «Мусулмон-биродарлар», «Ҳизбут-таҳрир», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра» (Миср), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех», «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир), ваҳҳобийлар, АБу Нидал гуруҳи, Қуролли ислом гуруҳи, АУМ Синрикё, Басклар ва озодлик ватани, Ал-Жамоа ал-исломия, ҲАМАС Мусулмон биродарлари, Ҳаракат ал-мужоҳидийн, Ҳизбуллоҳ, «17 ноябрь Инқилобий ташкилоти», «Инқилобий халқ-озодлик фронти/партияси» («Del Sol» номи билан маълум), «Инқилобий халқ кураши», «Сендеро Люминосо» («Ёруғ йўл», шунингдек «Партизанлар-халқ армияси»), «Тупак Амару инқилобий ҳаракати», «Ўзбекистон Ислом ҳаракати», «Ўзини мудофаа қилиш бирлашган кучлари» каби ташкилотларни киритиш мумкин.
Бу ташкилотлар Марказий Осиёда минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазхаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ғояларни сингдиришга уринмоқда. Улар «мавжуд муаммолар мусулмон жамоалари исломий тусини йўқотгани сабабли мавжуд, уларнинг назарида «кофир» ҳисобланган ҳукуматларни ағдариб ташлаш лозим», каби сохта диний шиорлардан фойдаланиб сиёсий ҳокимиятга интилмоқда. Масалан, Марказий Осиёда турли қиёфаларга кириб яширин фаолият олиб борган “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик партиясининг мақсадларидан бири, Фарғона водийсидаги Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг вилоятларини бирлаштириб ҳалифалик тузумига асосланган диний-теократик давлат тузиш бўлган. Ва улар бу мақсад йўлида бир қатор террористик фаолиятни амалга оширишди. Диний экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари сифатида экстремистик руҳдаги, шу жумладан, «жиҳод», «шаҳидлик» ғоялари тарғиб қилинган адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус (радикал диний ташвиқот юритиш, қўпорувчилик ва ҳ.к.) тайёргарликдан ўтказиш, ўз тарафдорларини давлат структураларига киритишга уриниш, яширин «ҳужраларда» ўқиётганларга мутаассиб тушунчаларни сингдириш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтириш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни мунтазам равишда қоралаш, расмий диний идора вакилларини обрўсизлантириш, ҳамда бевосита террористик акциялар ўтказишни кўрсатиш мумкин.
С.Сапаев
Хива тумани бош имом-хатиби