Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича ўрганишни ёқтиришмаган, ҳатто буни ўта макруҳ иш деб ҳисоблашган. Зотан, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримни ва бошқа керакли илмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг амини бўлган Жаброил алайҳиссалом орқали ўргатган ва у зот алайҳиссаломга мазкур илмларни ўз умматларига ўргатишни вазифа қилиб топширган. Агар динни ҳар ким ўзича, устозсиз, китобдан ўқиб ўрганиб олиши мумкин бўлганида Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиб, ҳар ким ўзи ўқиб олсин, деган бўлур эди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ундай қилмади. Қуръони каримни Жаброил фаришта алайҳиссалом орқали нозил этди. У зот Аллоҳнинг каломини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўз навбатларида, уни умматга ўқитдилар, уқтирдилар ва амал қилдирдилар.
Ҳозиргача мусулмон уммати илмларни мударрис, муаллим ва устозлардан ўрганиб келмоқда. Ҳозиргача мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар эъзозланиб келмоқда.Ибн Ажийба раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Энг улкан балолардан бири – саҳифаларни шайх қилиб олишдир». «Китобуш шакво»да айтилади: «Кимнинг шайхи бўлмаса, дини ҳам бўлмас. Устози йўқнинг устози шайтондир».Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Ким китоблар қорнидан фиқҳ ўрганса, ҳукмларни зое қиладир».Шунинг учун ҳам мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар доимо катта эътибор ва эҳтиромда бўлганлар.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ, у тўғри ва тартибли олинмаса кўзланган натижаларга эришилмайди. Бугунги кунда тобора кўпайиб бораётган ҳар ким ўзича илм ўрганиш иллати ҳақиқий билимларни йўқ қилишга сабаб бўлмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқ тизимларининг ривошланиши ҳам бу офатга ўз «ҳисса»сини сезиларли даражада қўшди. Ҳар бир соҳада юксак малакали, ўз касбининг чинакам мутахассисидан илм олиш лозим ва лобуддир. Акс ҳолда, бундан бошқа услублар адашишга олиб келади. Биробарин, устоздан илм ўрганиш тартибига барча замонларда, ҳатто Пайғамбарлар алайҳимуссалом ва ўтган жамики солиҳлар амал қилган. Зеро, бу ишончли билимга эга бўлишнинг ягона йўли саналади. Яна илмни устоздан ўрганишнинг афзал жиҳати шундаки, талаба олимларни қандай ҳурмат қилишни ўрганади Ўтган салафи солиҳлар қоғозни шайх (устоз) қилиб олишдан Аллоҳдан паноҳ сўраб дуо қилардилар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Маъолим Иршодия», 179-бет).
Бу дунё ҳаётида биладиганларнинг ҳам, билмайдиганларнинг ҳам бўлиши табиий ҳолатлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят). Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунда улар билим ўргатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар. Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
Устозсиз ақидавий масалаларини билмаган киши хам ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам ақида борасидаги етарли билимга эга бўлмаганлик натижасидир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти). Ақидани нотўғри ўрганишнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни тўғри бажаришни ортга суришдир. Бу эса нотўғридир. Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”. Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани устозлардан ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
М.Бекметов
Гурлан туман бош имом-хатиби