Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайрихоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор, ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали инсон бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам иш жойларимизда масъул вазифани бажарувчи фуқаромиз. Мана шу мажбуриятларни масъулият билан бажаришимиз, ҳеч бўлмаса атрофдагиларга ва жамиятга зарар етказмаслигимиз даркор. Зеро, Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).
Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида сўнгги йилларда амалга оширилган ишларни бугун барчамиз ҳар қадамда, ҳаётимиз ва фаолиятимиз мисолида ҳис этиб турибмиз.
Ўтмишга назар ташласак, аждодларимиз она Ватан мустақиллигини, мана шу дориламон кунларни асрлар оша орзу қилиб яшаганини яхши биламиз. Шукрки, мустақилликка эришиб, халқимизнинг асрий орзулари ижобат бўлди. Истиқлол шарофати билан осмони мусаффо, тинчлиги барқарор, жаннатмакон ва гўзал диёрда бахтиёр яшамоқдамиз.
Мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди. Шукрки, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз тобора кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.
Аллоҳ таоло бандаларига бебаҳо ва бемисл неъматлар ато этган. Тоза ҳаводан нафас олишимиз, зилол сувлардан баҳраманд бўлишимиз, кўзларимиздаги нур, ҳур ва озод Ватанда кўзимизни қувонтирувчи фарзанду аржумандларимизнинг камол топаётгани айни саодат, таъбир жоиз бўлса ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмас туганмас хазинадир.
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Ҳар бир неъматга шукр қилиш лозим бўлганидек бу истиқлол неъматига ҳам шукур қилиш лозимдир.Бу неъматга шукур эса ватанимиз тараққиёти,юрт тинчлиги ва динимиз ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишлик билан бўлади.
М.Абдуллаева
Хива тумани бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси