Ислом мўътадил дин

Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат, яъни энг яхши уммат қилган. Улар одамларни яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтаришини мақтаб зикр қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз…” (Оли Имро сураси, 110-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:

яъни: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Ислом мўътадилликнинг зидди бўлган, хаддан ошиш, динда ғулувга кетишни кескин қоралайди. Бугунги кунда “Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Ислом дини эса, ўн беш асрдирки инсонларни қўрқитиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш ва бировга озор беришдан қайтаради. Террор дастидан минг-минглаб беайб одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон-саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда.

Ислом динига экстремизм ва терроризм ётдир. Чунки динимизнинг асосларидан бири мўмин-мусулмон ўзгага қўли билан ҳам, тили билан ҳам озор бермасликдир. Экстремизм ва терроризм эса ўзгаларга зўравонлик қилиш, қўрқитиш ва озор беришдир. Бу эса зулмдан бошқа нарса эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

яъни: “Ҳеч бир мусулмон бошқа мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда саҳобалардан бирлари Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмон афзал саналади?” – деб сўради. Шунда У зот: яъни: “Ҳақиқий мусулмон  мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир.

Динда ҳаддан ошишнинг яна бир кўриниши мусулмонларни ўзидек фикрламагани ёки ўзига қўшилмагани учун кофирга чиқаришдир. Бу ҳолат Исломнинг аввалида юзага келган бидъатчи тоифалар томонидан содир этилган ва ҳозиргача етиб келаётган катта мусибатдир. Аслида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмон кишини кофирга чиқаришнинг оқибати ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:

яъни: “Ким бир мўминни куфрда ноҳақ айбласа худди уни ўлдиргандек бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Такфирчи жамоатлар кўпчилик мусулмонларни кофир санаб, уларнинг қонини ҳалол санашади. Натижада мусулмонларга қарши уруш очиб, уларнинг қонини тўкишади. Ҳозирда улар ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқаришмоқда. Афсуски, уларнинг ана шундай ботил фатволарига амал қиладиган, уларга эргашадиган, алданган мусулмонлар топилиб турибди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар: яъни: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривоятлари).

Динда ғулувга кетиш — мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади.

Мусулмон уммати бошдан кечираётган ушбу муаммоларнинг бирдан бир ечими  ёшларнинг илм олишлари, уларнинг Аҳли сунна вал-жамоа йўли асосида ўз динларини ўрганишлари ва дунёвий илмларни ҳам пухта ўзлаштиришларидир. Зеро, Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *