Текин пишлоқ қопқонда бўлади

 Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан фирибгарлик товламачилик кибер жиноятчилик каби жиноятларни содир этиш холатларии тез-тез учрамоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят). Бундай жиноятчилик билан молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол дўзах оташининг бир бўлаги ҳисобланади.

 Бугунги кунда интернет тизими имкониятларини ишга солиб, ўта ишонувчан ва содда одамларни лақиллатаётган, уларни алдаб, маблағларини осонлик билан ўзлаштираётган фирибгарлар ҳам кўпайиб бормоқда. Интернет орқали инсонларга моддий ва молиявий зарар етказаётган қаллоб кимсалар “Кибертеррорчилар” деб номланади. Кибертеррорчилик инсонларнинг мулкларига, ҳаётларига ва соғликларига таҳдид қилиш баробарида, давлат инфратузилмаларининг фаолияти бузулишига олиб келади. Кибертеррорчилик ўзи нима? Кибертеррорчилик- махсус хакерлик дастурлари орқали компьютер бошқаруви тармоқларини эгаллаб олиш, вируслар ёрдамида компьютер тармоғини ишдан чиқариш каби хунрезликларни амалга оширади. Вирус ва бошқа зарарли дастурлар, қонунга зид ахборотлар тайёрлаш ва тарқатиш, хакерлик ҳужуми, веб-сайтларга ноқонуний кириш, фирибгарлик, муаллифлик ҳуқуқини бузиш, кредит карточкалари рақами ва банк реквизитларини ўғирлаш ҳамда бошқа турли виртуал жиноятлар шулар жумласидандир.

Интернетдан фойдаланаётган хакерлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳукумат идоралари, халқаро ташкилотларининг маълумот заҳираларига тинимсиз ҳужумлар уюштираётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Кишилар интернетдан маълумотлар олади, ёзади, яна кимдир дўсти билан қўнғироқлашади, кимлардир турли медиа маҳсулотлардан фойдаланади ва яна кимдир турли тўловларни амалга оширади. Мисол тариқасида интернет дўконни кўрадиган бўлсак, кишилар уйидан чиқмасдан туриб, ўзлари учун керакли бўлган маҳсулотларни махсус сайтлар орқали рўйхатдан ўтиб, сотиб оладилар. Қарабсизки,етказиб берувчилар жуда тез фурсатда бу ишни амалга оширади, бундай қулайлик кимга ёқмайди дейсиз? Кўпгина интернет дўкон-сайтлар олдиндан тўловни амалга оширишни таклиф қилишади. Кўрмаган ва билмаган одамга пул бериб юбориш жуда катта хатодир. Бу дегани ҳеч кимга ишонманг дегани эмас, балки “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма” қабилида иш юритиб, интернет дўконнинг сайтларда берилган телефон рақамлари, юридик манзиллари, сайтдан фойдаланувчи бошқа харидорларнинг фикрларини тўлиқ ўрганиб, кейин буюртма берилса, айни муддао бўлади.

Шу ўринда сир эмаски, кейинги вақтларда  фирибгарлик кибер жиноятлар тез-тез учраяпти. Мисол учун, шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Единый Портал — помощь родителям в Августе» номида саҳифа яратилиб, унда Президент номидан ҳар бир фуқарога пул тарқатилаётгани, бунинг учун пластик карта рақамини юбориш кераклиги айтилган. Фирибгарликнинг бошқа бир тури бу – таниқли, расмий шахслар номидан сайт очиб, пул тарқатилиши ва бунинг учун фақат ҳаволани улашиб, картангиз рақамларини қолдиришингиз кераклиги ҳақида ёзилади. Бугун ижтимоий тармоқларда бундай кўринишдаги хабарларни сони хақида кзплаб мисоллар келтиришимиз мумкин  бу каби фейк эълонларнинг барчаси тузоққа тушган одамларнинг картасидан пул ечиб олиш мақсадидагина қилинади. Аммо улар мамлакат Президенти номидан тарқатилаётгани боис айрим фуқаролар, айниқса, интернетдан одатда фақат телеграм, инстаграм ёки фейсбук, одноклассники каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиганлар тузоққа тушиб, пулларидан айрилиб қолишмоқда. Бу каби ҳолатларга тушмаслик, Давлат раҳбари номидан тарқалаётган хабарларнинг тўғри ёки фейк эканини қандай аниқлаш мумкин? Бунинг учун сизга келаётган хабарларни бироз таҳлил қилиб кўришнинг ўзи етарли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, бирор расмий шахс, компания номидан келаётган хабарда пул ҳақида очиқдан-очиқ сизни жалб қилувчи сўзлар, пулларнинг расми ёки кимгадир ҳаволани юбориш, карта рақами сўраш каби сўзлар ёзилган бўлса, сергак тортишимиз керак. Дунё тажрибасида бугунги кунга келиб, фейк хабарлардан нафақат пул ишлаш, фирибгарлик, балки миллатлараро низолар келтириб чиқариш, расмий шахсларни обрўсизлантириш, халқ ичида турли мавзуларда ваҳима пайдо қилиб, нарх-навони ошириш, қалбаки ёки сифатсиз маҳсулотни сотиш каби мақсадларда фойдаланишмоқда. Бу каби ҳолатларга алданмаслик, тинчлик ва фаровонликни бузишга, ёлғон хабарларни тарқатишга бевосита алоқадор бўлиб қолмаслик учун ҳам бизга келаётган хабар, маълумотларни филтрлаш, таҳлил қилишни ўрганишимиз заруратга айланяпти. Зеро, бу каби ёлғон хабарлар занжир каби. Агар бу занжир сизга келиб узилса, яъни сиздан кейин бошқага тарқалмаса, маълумотларингизни олишмаса, жиноятчи-фирибгарлар шунчаки ҳеч нарса қила олишмайди. Биз эса ўзимизни, яқинларимизни ва хатто юртимизни ёлғонлардан ҳимоя қилган бўламиз.

М.Бекметов

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *