Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг деҳқону боғбонлари йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни хоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан қам билиб олишимиз мумкин. Яъни: «Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур» (Аъроф, 58). Дарҳақиқат, бозорлардаги тўқин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар — оятда таъкидланганидек — Парвардигорнинг изни билану чиқмокда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир. Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнингҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин: Яъни: «Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хур-моларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир» (Абаса, 24—32). Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки шу ҳосиллар билан юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин бўлади. Бу йилги ҳосил кейинги йиллардаги фаровон ҳаётимиз гаровидир.
Шу ўринда далаларда исрофгарчиликга йўл қўймаслигимиз кераклиги хақида бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан? Яъни: «(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқгирмайди» (Бақара, 205 ояти). Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи кишиларни ёмон кўради. Бунга Довуд ва Сулаймон алайхис саламларнинг қиссаси мисол бўла олади: Яъни: «Довуд ва Сулаймон алайхис саламнинг экинзор хусусида ҳукм қилган кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қуйлари (тунда) кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик…» (Анбиё, 78-79 ояти). Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайхис салам қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайхис салам эса: «Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтариб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса», — дейдилар. Шунда Довуд алайхис салам Сулаймон алайхис саламга қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир» — деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади. Азизлар! Бу йил омборларимиз буғдой билан тўлди, пахтазорларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин! Юртимиз тинч ва обод бўлсин!
У.Исакбоев
Гурлан туман “Нур сайид эшон бобо” масжиди имом-хатиби