РАЖАБ ОЙИ ФАЗИЛАТИ

Яратган роббимиз биз бандаларига марҳамати чексиз зотдир. У зот бизларга неъмат қилиб берган хар бир ой ва хар бир кундан унумли фойдаланиб қолишимиз лозим.                Аллоҳ таъоло яратган ойларининг ичида ҳурматланган ойлар бор бўлиб ана шулардан бири ражаб ойидир.

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари ушбу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис у “ражаб” деб аталган.

Аллох таъоло Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳ осмонлар, ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг», деган.

Ҳаром ойлар, дегани хурматли, улуғланган, уруш-жанжал, душманлик ҳаром қилинган ойлар, деганидир. Ана ўша ҳурматли тўрт ой: муҳаррам, зулқаъда, зулҳижжа ва ражаб ойларидан иборатдир.

   Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақида Набий алайҳиссаломдан ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: «اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ» (رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

  Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона”.

Бу ойлардан учтаси: Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам кетма-кет ойлар, биттаси — Ражаб ойи эса алоҳидадир. Бунинг ҳикмати шуки, Зулҳижжа ойи Ҳаж ойидир. Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилиш вақтида тинчлик сақланиши умумий халқаро қоида эди. Ҳаж ойининг аввалидаги Зулқаъда ва кейинги Муҳаррам ойларининг ҳаром ой деб саналиши ҳам Ҳаж амали билан боғлиқдир. Бу нарса Зулқаъда ойида ҳожилар соғ-саломат Маккага етиб келишлари, Муҳаррам ойида эса ҳожилар ўз ватанларига соғ-саломат етиб олишлари учун кафолатдир.

Ражаб ойининг алоҳида ҳолда ҳаром ойлардан бири деб саналиши эса Аллоҳнинг Каъбасига Умра зиёрати билан келувчиларга имкон яратган.

Динимизда кўплаб ибодатларнинг вақти таъйин қилинган.        Масалан беш вақт намоз ва рамазон рўзаси каби. Баъзи ибодатлар эса маълум вақтларда қилиниши ажру савоб ва фазилатлилик жиҳатдан яхшироқ бўлади. Ана шундай мавсумлардан бири ражаб ойида тутиладиган рўзадир.

Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли ҳисобланади. Машҳур саҳиҳ китоблардан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар, яхши бўлиши аниқ.

Биздан олдин ўтган солиҳ зотлар бу ойни фазилатли деб билишган ва у ойда рўза тутиш рамазонга тайёргарлик жиҳат яхши эканлигини айтишган.

Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: «فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ» (رواه الإمام البيهقي).

яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик қилиш ман этилади — ҳаром қилинади.

“Ҳаром ойларда бир кун рўза тутиб, бир кун еб-ичиш жуда фазилатлидир.” (Абу Довуд). “Ражаб ойида Аллоҳу таолога кўп истиғфор этинг. Чунки Аллоҳу таоло Ражаб ойининг ҳар бир вақтида Жаҳаннамдан қулларини озод этади. Айниқса, Жаннатда шундай кўшклар борки, уларга фақат Ражаб ойида рўза тутганлар киради.” (Дайламий)

“Жаннатда шундай кўшклар борки, уларга фақат Ражаб ойида рўза тутганлар киради.” (Дайламий).

“Аллоҳу таоло Ражаб ойида рўза тутганларни мағфират этади.” (Ғуня)

Аммо Ражаб ойида энг яхши ва энг тавсия қилинадиган амал — бу тавба. Уламоларнинг айтишича, бу ойда уруғлар ерга ташланади, яъни одам тавба қилади. Шаъбонда улар суғорилади, яъни тавба қилганидан кейин одам яхши амалларни бажаради. Рамазон ойида ҳосил йиғиб олинади, яъни тавба қилиб, яхши амалларни қилганидан сўнг, инсон гуноҳлардан тозаланади ва катта мукаммаллик даражаларига эришади.

Бу ой, уламоларнинг фикрига кўра, мусулмонлар ибодат қилиши ва энг муҳими, тавба қилишга алоҳида ёндашишлари керак бўлган фазилатли ойдир.

Такидлаганимиздек бу ой аслида ойларнинг султони рамазонга тайёргарлик ойидир. Шундай экан азизлар бу ойда тавба ва истиғфорни кўпайтирайлик, нафл рўзалар тутиб, қалбимизни ҳам баданимизни ҳам рамазон рўзасига тайёрлайлик, гуноҳ ишлардан четланиб, савобли ишлар билан ихлосимизни оширайлик. Токи, Аллоҳ таъоло бизни рамазон ойига етказганида қалбимиз, руҳимиз ва танамиз улуғ ибодатлар учун ҳозирлансин.

Хайрулла домла Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *