Фарзандлармиз келажагимиз

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини чексиз меҳр- муҳаббат, куч-ғайрат ва моддий имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса, мушфиқ оналар ёш гўдаклари вояга етгунига қадар кеча ва кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак,  ҳар-бир  фарзанд буни яхши билиши ва англаши керак. Ўз ота-онасига нисбатан қандай бурч ва вазифалар борлигини тасаввур қилиши лозим. Фарзандларини ҳам ёшлигидан бошлаб, дунёга келишига сабаб бўлган ота-оналарининг ҳақларини адо этишлари борасида тушинтириб боришлари зарур.

Демак фарзанд ота-онасига яхши муомалада ширин суҳандон  бўлишлари, уларнинг хизматларига доим тайёр бўлишлари лозим бўлади. Фарзанд бу ишларни ота-онанинг розилиги учун бажариши зарур. Жаноби Расули акрам (с.а.в) ўз  ҳадисларида ота-онага яхшилиқ  қилиш хақида шундай  деганлар: “Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабига қараб бўлади”. (Табароний ривояти) Фарзанд ота-онанинг розилигини олиши учун қуйидаги амалларни бажариши зарур бўлади. Аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат олишлари,  яхши нарсаларни ўзидан аввал ота-онага тақдим этиши , ота-онанинг маслаҳатларини ва насихатларини жони дил билан қабул қилиши  (Луқмони Ҳакимдан, Сиз нега  ҳадеб ўғилларингизга насиҳат қилаверасиз, деб сўрашганда, кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир, деб жавоб бердилар), ота-онанинг рухсатисиз уларнинг хонасига кирмаслик, уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик, уфф демаслик, ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик, ота-оналар олдида оёқларини чўзмаслик; ёнбошламаслик, улардан юқорида ўтирмаслик кабилар. Фарзанд ота-онанинг кўнгилларини топиб розилигини олиши, ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриши керак.

Абдуллоҳ ибн аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилади: “Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру-шавқат назари ила боқса, ҳақ  таоло у кишининг ҳар-бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай”. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?” У Зот: “Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ Зотдир. У ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай”, деб жавоб бердилар. Бир кун келиб кечагина  навқиронлик ва бақувватликдан масрур юрган ота кексайиб, қадди дол бўлади. Соғлиғидан путур, кўзларидан нур кетади, ҳар ишда бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ҳаёт қонунига кўра кечаги ожиз ва нотавон фарзанд бугун улғайиб, куч-қувватга тўлади, ақли, фикри, иқтидори юксалади. Ана шундай пайтларда фарзандлар оталаридан фарзандлик қарзларини узишга интилиши лозим. Яъни, чиройли муомала қилишлари, улар шаънига доғ туширмайдиган муносиб инсонлар бўлишлари, қўлларидан келгунича ёрдам беришлари керак.

У.Шерметов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Довуд” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *