Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир

Аллоҳ таоло Ўзининг яратувчилик қудрати билан инсон наслини яратганидан сўнг унга Ер юзида умргузаронлик қилиш учун жуда кўп нарсаларни, таърифи йўқ неъматларни ато этиб қўйди. Экинлару мева дарахтларини ўстириб, уларнинг ризқини бемалол, ҳаётини қулай қилди. Ҳар биримизнинг дастурхонимиздан деҳқон ва соҳибкорларимиз, чорвадор ва боғбонларимиз етиштирган турфа хил ноз-неъматлар бирор кун ҳам узилмайди. Бу неъматларни суйиб истеъмол қиламиз, уларни етиштирганларга барака тилаб дуолар қиламиз

Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби эрта баҳордан бошлаб атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.

Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

яъни: “Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”, деганлар.

Ривоят қилинишича, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу олдиларидан ўтиб кетаётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. Ўша одам Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг ҳосилга киради-ку”, деганида,

Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши ишларни қилиб кетишган.

Аллоҳ таоло деҳқончилик орқали етиштириладиган ҳосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, киши ўз ризқига фарқсиз муносабатда бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам ҳар биримиз дунё ободлиги охират ободлиги билан узвий боғлиқлигини яхши англаб, жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшасини обод ва фаровон қилиш йўлида астойдил меҳнат қилишимиз лозим.

Бинобарин, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа замирида ҳам айнан ободонлаштириш, кўкаламлаштириш билан бир қаторда атроф муҳит муҳофазаси, озодаликка эътибор қаратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Мана шундай хайрли мақсадлар йўлида биз мусулмонлар ҳам биргаликда ҳаракат қилиб, ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Чунки бундай касб эгаларининг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам башорат бериб шундай деганлар:

«Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани хам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир», дедилар».

Аллоҳ таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлишини насиб этсин.

 

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Саид

Урганч тумани “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *