Юртимиз узра фараҳбахш Рамазон ойи ўзининг файзу футҳи билан кезмоқда. Мунаввар тонгларда, муаззам шомларда қилинаётган хайрли дуолар диёримизнинг мусаффо осмонида раҳмат , мағфират ва барака бўлиб ёғилмоқда. Муборак рамазон ойининг дастлабки ўн кунлиги ортда қолди. Иккинчи ўн кунлик бошланди. Унинг аҳамияти нимада? Расули Акрам (Саллоллоху алайҳи васалам) Ўз хадисларида Рамазон уч қисмдан: биринчи ўн кунлик – Аллоҳнинг раҳмати кунлари, иккинчи ўн кунлик – Аллоҳнинг мағфирати, охиргиси жаханнам оловидан паноҳ эканлигини таъкидлаганлар. Бу хадисни барчамиз жуда ҳам яхши биламиз. Рамазоннинг ҳар бир куни ҳар бир дақиқаси катта аҳамиятга эга, зеро инсон олдида Аллоҳ таоланинг ажру –савобларига, мукофатларига эришиш, гуноҳларининг авф қилиниши ва қилинган исталган дуосининг қабул бўлиши учун миллионлаб имкониятлар очилади. Биз хозир рамазоннинг ўртасида – Аллоҳ таоланинг мағфиратли кунларидамиз. Бу куну-тунлар қанчадан – қанча бандаларни Жаҳаннам ўтидан озод бўлиб, Жаннатга киришига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Рамазонда қилинадиган ибодатларнинг барчаси инсонларни ўз амаллари хақида тафаккур қилишга, ўзларини тахлил қилиб, гуноҳлари учун мағфират сўрашга ундайди. Тавба ва мағфират ҳам манашу ибодатлар натижасида қўлга киритилади ва мусулмон бундан хеч ҳам малолланмайди, у хузур билан яна ҳам кўпроқ ибодат қилиши мумкин.Фақат бунинг учун қилмишлари, хатолари ва гунохлари учун Аллоҳ таоланинг авфига эришса кифоя. Шу сабабли рамазоннинг ўртасида бизни собит ва махсулдор қилувчи ғайрат ва иштиёқни янгилаш жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таола Қуръони каримда бундай марҳамат қилади. “Илло қайсилари тавба қилиб хатоларини тузатиб ҳақиқатни баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен таввоб (Тавбаларни қабул этувчи )ва Раҳимлидирман”. ( Бақара сураси 160 оят) Аллоҳнинг ваъдаси шундай ҳар биримизнинг хато ва гуноҳларимиз бор, кимнидир хафа қилганмиз озор етказганмиз, ёрдам бермаганмиз, қаердадир ёлғон гапирганмиз ва бундай хатолар жуда кўп йиғилиб қолган. Уларда хайр йўқ.Улар бизнинг имон ва виждонимизга оғир юк бўлиб ётибди лекин Аллоҳ меҳрибон, у бу кунларда бизнинг гуноҳларимиз учун мағфират ато этмоқда. Зеро у муқаддас Қуръонда шундай дейди: “(Аллоҳ буюрадики) Раббингиздан мағфират (Кечирим) сўрангиз, сўнгра унга тавба қилингиз , шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири) гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли саҳий) кишига ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз бас, мен сизларга Улуғ кун (Қиёмат) азоби (етиши) дан қўрқаман” (Худ сураси 3 – оят). Рамазон ойиниг биринчи кечаси кириши билан шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари беркилади, бирортаси ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари ланг очилади. Бирорта эшик ҳам ёпилмайди. Махсус жарчи: хой яхшилик истаганлар келинг ! Хой ёмонлик истаганлар ўзингизни тийинг!- деб жар сола бошлайди ва бу ойда Аллоҳ кўплаб одамларни дўзаҳдан озод қилади. Озодлик ҳар кечада бўлади. (Термизизий ибн Можа) Рамазонда яхши амалларнинг ажру савоби бир неча баробарига кўпайтириб берилади. Аллоҳ таола бу ойда қиладиган барча ибодату дуоларимизни ва тутадиган рўзаларимизни қабул айласин. Бандачилик қилиб билиб билмай қилган хатоларимизни мағфират айласин.Покланиш ва янгиланиш ойи сизларга шодлик, омад, бойлик, соғлиқ, даромад, хурсандчилик, файз ва барака олиб келсин!. Ният қилиб тутган рўзаларингиз ижобат бўлсин. Рамазон ойининг иккинчи ўн кунлиги муборак бўлсин азиз мўмин мусулмонлар.
П.Бобожонов
Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди имом-хатиби