Гуноҳи кабиралардан бири…

Бугунги кунда «шахидлик мақомига эришаман» деган ёлғон шиор остида, ўзини-ўзи портлатиб, ўзи ва бошқалар ҳаётига зомин бўлаётганлар учрамоқда. Улар сохта «шайхлари» чиқараётган «фатволар» га амал қилган ҳолда, бундай разил ишларга қўл ураётгани ҳамманинг нафратини қўзғамоқда.

Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайхиссалом ҳадиси шарифлари, мужтаҳид уламолар асарлари ва фатволарида ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган имконият ва айни дамда омонат эканлиги, унга хиёнат қилмаслик лозимлиги таъкидланиб, ўз жонига қасд этиш катта гуноҳ сифатида қатъий қораланган. Қуръони каримда:

٢٩. يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ لَا تَأْكُلُوٓا۟ أَمْوَٰلَكُم بَيْنَكُم بِٱلْبَٰطِلِ إِلَّآ أَن تَكُونَ تِجَٰرَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ وَلَا تَقْتُلُوٓا۟ أَنفُسَكُمْ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

 Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир (Нисо, 29)

 Яна бир ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло хадиси қудсийда баён килади: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим» (Имом Бухорий). 

Ўзини-ўзи ўлдириш бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади.

Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади, ушбу ишни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади.

Баъзи бир кимсалар ўзини портлатиш билан гўё шаҳидлик мақомига сазовор бўлмоқчи бўладилар, аммо улар ўзларининг бу ғайриинсоний ҳаракатлари билан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига, майиб-мажруҳ бўлишларига сабаб бўладилар. Ислом таълимоти бундай ҳолатни кескин қоралайди ва бегуноҳ бир инсонга қилинган тажовуз деб билади. Бундай қабиҳ ишни қилган кимса бу дунёда ҳам, қиёматда ҳам азобу уқубатда қолади, деб таъкидлайди.

Ва яна далил сифатида келтиришимиз мумкин: Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Радд ал-муҳтор”да айтишича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди.

Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди. Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимсани жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди.

Хуш, Шариятимизда хақиқий Шахид ким ўзи? Шахид деб-Ватан химоясида ўз жонини аямасдан, шу йўлда шарафли ўлим топишни ва бу иш билан бирор дунёвий фойда кўришни ният қилмаган комил мумин кишига айтилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки: Баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари томонидан қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Қ.Машарипов

Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *