Ахлоқ ва дин уйғунлигининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти

Бугунги кунда мустақил давлатимиз ички сиёсатида таълим-тарбия жараёнига бўлган ёндашувда ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол, юксак ахлоқий мезонларда тарбиялаш, уни турли зарарли таъсирлардан асраб-авайлаб вояга етказиш юқори малакали ишчи кучи ва етук мутахассис ёшларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам ҳозирда таълим билан бир қаторда баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Боланинг тарбияси унинг хулқида акс этишидан келиб чиқсак, у одоб масалаларини ҳам ўз ичига олади. Бунинг тўлиқ шарҳини эса қуйида ислом ахлоқи мисолида кўриб чиқамиз.

Ахлоқ (араб, хулқнинг кўплиги; лот. moralis — хулқ-атвор) — ижтимоий онг шаклларидан бири. Кишиларнинг тарихан таркиб топган хулқ-атвори, юриш-туриши, ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги ўзаро, шунингдек, жамиятга бўлган муносабатларини тартибга солиб турувчи барқарор, муайян норма ва қоидалар йиғиндиси. Ахлоқ нормалари кишиларнинг хатти-ҳаракатларида ўз ифодасини топади. Бунда баъзи хатти-ҳаракатлар, хулқ-атворлар «ахлоқий», баъзилари «ахлоқсизлик» деб баҳоланади.

Шунингдек, бошқа динларда ҳам ахлоқ биринчи ўринда талаб қилинадиган тушунчалардан бири ҳисобланади ва жамиятда турли вазифаларни бажаради. Улар орасида қуйидагилар энг муҳими ҳисобланади:

1) кишилар орасидаги турли муносабатларни мувофиқлаштириш;

 2) кишилар фаолиятининг инсонпарвар қадриятлари ва мўлжалларини белгилаб бериш;

3) шахсни ижтимоийлаштириш. Ушбу вазифаларни бажарар экан, ахлоқ зарурийлик, ақлга мувофиқлик ва умуминсонийлик намуналарини намойиш этади. Кишилар фаолиятини мувофиқлаштирар экан, ахлоқ уларни инсонпарвар, эзгу, ҳалол ва адолатли муносабатларга ундайди. Умуман олганда эса, ахлоқ жамият ва шахс тараққиётининг умумижтимоий қонуниятлари асосида амалга оширади.

Хусусан, Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми десак, муболаға бўлмайди. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар  эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар унга зиддир.

Диний дунёқараш ўз табиатига кўра ахлоқийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?»- деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.

Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разолатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар. Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтадаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Шунинг учун ҳам, исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади. Хусусан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида:  «Ва, албатта, сен улкан хулқдасан», дейди.

     

  

Хайрулла домла Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилояти вакили

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *