Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 34 йиллик шодиёналарига тобора яқинлаштирмоқда. Яна саноқли кунлардан сўнг юртимиз байрам оғушида қолади, иншоаллоҳ.
Айни кунларда байрам арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Хазорасп туманида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хазорасп тумани Маънавият ва маърифат маркази катта залида Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Хазорасп туманида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий байрам тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Феруза Отажанова, Дин ишлари бўйича қўмитанинг етакчи мутахассиси Муяссар Машарипова, туман тарғибот гуруҳи раҳбари Гулнора Матмуротова, Хазорасп тумани бош имом-хатиби Аминбой домла Раҳимовлар ҳам қатнашгани даврага ўзгача файз бағишлади.
«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирида Ватан туйғуси, мустақиллик неъмати, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аниқ мисоллар асосида очиб берилгани йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Шу азиз юртда ўзбеклар билан бир қаторда, қозоқлар, татарлар, корейслар, руслар ва бошқа миллат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётгани саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди.
Ватан учун битилган ашъорлар тилга кўчиб, дилларни сел қилди, кўзларда қувонч ёшлари ҳалқаланди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга туман ҳокимлиги томонидан «Ташаккурнома» ва эсталик совғалари топширилди.
ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати