Инсон дунёга келганидан сўнг, у атрофдагилар билан мулоқотда бўлади, ҳаётни англашга интилади, маънавий камол топади. Мана шу жараёнда энг муҳим омиллардан бири — одоб ва ахлоқдир. Одоб — инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг қалбида, сўзида ва феъл-атворида намоён бўладиган маънавий фазилатдир. У инсонни гўзал, ҳурматли, севимли ва камтар қилиб кўрсатади. Шу боис, халқимиз “Одоб — инсонни зинатлайди” деб бежиз айтмаган. Ҳар қандай билим, маданият ёки бойлик, агар у одоб билан безатилмаган бўлса, у инсоннинг шахсиятини тўлиқ акс эттира олмайди. Одоб — инсоннинг ички дунёсидаги тартиб, ҳурмат, инсоф, ҳақиқатга бўлган садоқат каби фазилатларни ўз ичига олади. У инсоннинг ҳаётда тутган ўрни, бошқалар билан муносабати ва ҳатто муваффақиятига ҳам таъсир кўрсатади.
Одобли инсон жамиятда ҳурмат қозонади, доимий равишда эътибор марказида бўлади. Унинг сўзида самимият, муомаласида нозакат ва ҳаракатларида эҳтиром намоён бўлади. Масалан, ёшлар катталарга жой беришлари, сўзни каттага беришлари, муаллимларга ҳурмат кўрсатишлари — буларнинг барчаси одоб-ахлоқнинг ҳаётимиздаги амалий кўринишларидир. Аждодларимиз одоб ва ахлоқни оилада, маҳалла ва жамиятда болаларга ўргатишни энг биринчи вазифа деб билишган. Бола чақалоқлик давридан бошлаб, яхши сўз, яхши муомала, тўғри одобда тарбия топса, у келажакда нафақат ўз ота-онасини, балки жамиятни ҳам шарафлайди. Ҳар бир катта инсон эса ўз хатти-ҳаракатлари, гап-сўзи билан ёшларга намуна бўлиши лозим.
Ислом динида ҳам одобнинг ўрни жуда катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен гўзал хулқни камолга етказиш учун юборилдим” — деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадисдан англашиладики, ахлоқ ва одоб фақат ижтимоий меъёр эмас, балки у динимизнинг асосий таркибий қисмларидан биридир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон инсон нафақат ибодатда, балки кундалик ҳаётда ҳам одобли бўлиши шарт.
Муомалада ширинсўзлик, улуғларга ҳурмат, кичикларга меҳр, меҳмонга эътибор, ўзини тутиш маданияти — буларнинг барчаси инсоний одобнинг гўзал кўринишларидир. Бугунги кунда ёшларимиз интернет, технология, замонавий турмуш тарзи таъсирида баъзан бу фазилатларни унутиб қўйишмоқда. Шунинг учун, ота-оналар, устозлар ва бутун жамият биргаликда ёш авлодга одоб ва ахлоқни уқтиришга ҳаракат қилишлари зарур.
Бугунги кун ёшлари турли ахборот манбалари орқали дунёқарашини кенгайтирмоқда. Бироқ ахборот оқимида ахлоқсизлик, ҳурматсизлик, беодоблик тарғиб қилинган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Шу сабабли, фарзандларимизга буни фарқлашни, тўғри ва нотўғрини ажрата олишни ўргатиш — биз, катталарнинг бурчимиздир. Одоб — инсоннинг ички компаси, яъни у билан тўғри йўлни танлайди, нотўғри йўлдан қайтади.
Масалан, ҳурмат ва вафо — одобнинг энг муҳим қисмларидан биридир. Ҳурматсиз одам билимли бўлса ҳам, жамиятда қадрланмайди. Аммо одобли, камтар, хушмуомала инсон доим ҳурматга сазовор бўлади. Бу ҳаёт қонунидир. Шундай экан, ҳар бир инсон аввало ўзини тарбиялаши, тилини, кўзини, қўлини ва қадамларини назорат қилиши керак. Чунки одоб инсоннинг ички курашлари, нафси устидан ғалабаси билан шаклланади.
Халқимизда “Одобли бола — элга тўр” деган мақол бор. Бу дегани, одобли инсон нафақат ўз оиласи, балки бутун жамият учун намуна бўлади. Одобли бола бошқаларни ҳам ўз ортидан яхши ишларга етаклайди. У турмушда ҳалоллик, тозалик, тўғрилик, ростгўйлик ва камтарлик каби фазилатларни ҳаётининг асосий қисмига айлантиради. Меъёр ва чегарани билиш ҳам одобга киради. Масалан, жамоат жойларида овозини кўтармаслик, катталарга сўзини бўлмаслик, меҳмонга борганда ўзини ўринли тутиш — буларнинг барчаси ички маданиятнинг, яъни одобнинг белгиларидир. Айнан мана шундай одобли, маданиятли инсонлар жамиятда бирлик ва меҳр-муҳаббат муҳитини яратади.
Шунингдек, одамлар билан муносабатда инсоф ва адолатли бўлиш ҳам одоб ҳисобланади. Бирон киши билан тортишганда, уни ҳақорат қилмаслик, унинг шаънига тегмаслик — бу ҳам маънавий юксакликни кўрсатади. Чунки одобли инсон ўзини назорат қилади, ҳиссиётга берилиб, бошқаларни ранжитмайди. Бу эса унинг қалбидаги улкан маданият ва масъулият туйғусидан дарак беради.
Юқорида айтилган фикрлардан хулоса қилсак, одоб инсоннинг энг гўзал либосидир. У билан инсон ташқи кўринишидан эмас, балки қалби, феъл-атвори билан ажралиб туради. Одобсиз илм, бойлик ва лавозим — инсонни ҳеч қачон тўлиқ камолга етказмайди. Лекин одобли инсон — доимо юксак қадрга, севги ва ҳурматга эга бўлади. Бизнинг бурчимиз — бу гўзал фазилатни нафaqaт ўзимизнинг ҳаётимизда, балки фарзандларимизнинг тарбиясида ҳам асосий ўринга қўйиш. Агар ҳар бир инсон одобли бўлса, жамиятимиз тинч, осуда ва юксак маънавиятли жамиятга айланади.
Ф.Отажонова
ЎМИ Хоразм вилоят вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари