Даьволарининг олтинчиси: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қисқа вақт ҳамроҳ бўлган холда, кўп ҳадис ривоят қилганликлари.
Ислом душманларидан баъзилари ва уларнинг орқасидан эргашган баъзи мусулмон гумроҳлари саҳобаи киромларга нисбатан кўп тўҳмат ва шубҳаларни тарқатишган. Улар орасида саҳобаи жалил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У зотга қарши қўйилган айблов шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қисқа муддат ҳамроҳ бўлган бўлсалар ҳам, жуда кўп ҳадис ривоят қилган.
Айтишларича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу 5374 та ҳадис ривоят қилган. Ҳолбуки, у зот ҳижратнинг еттинчи йили Исломни қабул қилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари 11 ҳижрий йилда бўлган. Демак, у зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уч ёки тўрт йилгина бирга бўлганлар. Шунинг учун: «Қандай қилиб у киши шунча кўп ҳадис ривоят қилиши мумкин?» деган шубҳа пайдо қилишган.
Ҳолбуки, у зотнинг ривоятлари саҳобалардан бўлган буюк зотлар — Абу Бакр, Умар, Усмон каби саҳобалар розияллоҳу анҳумлар ривоятлари билан ҳам уйғун ва тўғри келади. Уларнинг юқоридаги даьволарига қуйидагича РАДДИЯ берамиз: Биринчидан:Ҳақиқатда, бу шубҳа янги пайдо бўлган нарса эмас, балки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳаётлик даврларида ҳам бўлган. Аммо у зот ўзи бу ҳақда жавоб бериб, ўзини ҳимоя қилганлар. Шунинг учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида: «Одамлар: “Абу Ҳурайра ҳадисни кўп айтади”, дейишади. Лекин Аллоҳга қасамки, Муҳожир ва Ансорлардан ҳеч ким менчалик ҳадис кўп ҳадис айтишмаган. Чунки Муҳожирларни бозор ишлари машғул қилган, Ансорларни эса ер ишлари машғул қилган. Мен эса қашшоқ одам эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қорнимни тўйдириш учун ҳозир бўлардим. Улар эса йўқ бўлардилар.У зотдан бирон нарсани эшитсам, ёдлаб олардим. Улар эса юмишлари кўп бўлгани учун хам унутар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: “Ким кийимини ёйса, унга сўзларимни тўкаман кейин эса у мени сўзларимни эсидан чиқармайдиган бўлади”, дедилар. Шунда мен кийимимни ёйдим, у зот уни гаплари билан тўлдирдилар. Кейин уни йиғиб, кўкрагимга қўйдим. Шу вақтдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтганларидан ҳеч нарсани унутмайдиган бўлдим», дедилар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу. Ва яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳга қасамки, агар Қуръонда: «Албатта, бизга айтилган нарсани тинглаб олиб, сўнгра уни яширганлар учун қаттиқ азоб бор»,(Бақара сураси 159-ояти) деган оятлар бўлмаганида, мен ҳеч қачон ҳеч нарса айтмас эдим.”
Иккинчидан:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида саҳобалар кўпчилик бўлиб, улардан ҳеч бири Абу Ҳурайрани ёлғончи демади, балки улар уни тасдиқладилар ва унинг сўзларини қабул қилдилар. Улар орасида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. У киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Сен биздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кўпроқ бўлар ва биздан кўра яхшироқ ёдлаб қолар эдинг», деганлар. Аслида эса, Абу Ҳурайранинг ривоят қилган ҳадислари хақиқатга хилоф бўлганида саҳобалар жим турмас эдилар. Энди 14 аср ўтганидан сўнг бу улуғ сахоба хақида таьна қилиб юришлари нихоятда ажабланарли ишдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи йили муҳаррам ойида исломни қабул қилдилар. Бир куни Расулуллоҳ ﷺ уни кўрди, у эса кичик мушукчани қўйнига солиб юрган эдилар. Шунда Расулуллоҳ ﷺ унга: «Эй, Абу Ҳурайра!» дедилар. Шу билан У шу ном билан машҳур бўлиб кетдилар. Унинг асл исми Абдурраҳмон ибн Сахр эди. У зот фақир эди, аҳли ва оиласини ташлаб, доимо Расулуллоҳ ﷺ билан бирга яшар эди. У саҳобалардан аҳли Суффа билан бирга Расулуллоҳ ﷺ масжидларида турардилар. У Расулуллоҳ ﷺ билан бирга қолар, Пайғамбар ﷺ овқат қилсалар у ҳам ер, сафар қилсалар ҳам улар билан борар эдилар. Шунингдек, У зот Расулуллоҳ ﷺ билан катта саҳобалар қатнашадиган мажлисларда ҳам қатнашар эдилар. У зот аввал бошда Пайғамбар ﷺ айтган нарсани унутиб қўйишдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ унга: «Ридоингни ёзиб сол», дедилар. У ёзиб солди, Пайғамбар ﷺ қўллари билан йиғиб, кейин: «Кўкрагингга қўй», дедилар. Шундан сўнг Абу Ҳурайра ҳеч нарсани унутмади.
Бир киши Зайд ибн Собитдан савол сўраб келди. Зайд ибн Собит унга:«Абу Ҳурайрани топинг», дедилар. Ва Зайд ибн Собит айтдилар «Мен, Абу Ҳурайра ва фалончи масжидда Аллоҳга дуо ва Унига зикр қилаётганимизда Пайғамбар ﷺ бизни олдимизга чиқиб ўтирдилар,ва бизларга қилаётган ишингизни давом эттираверинглар,дедилар. Зайд айтди,биз шериким билан дуоимизни давом эттирдик, Расулуллоҳ ﷺ “Амин”,деб турдилар ва Абу Ҳурайра,Эй Аллох,мен сендан шерикларим сўраган нарсаларни сўрайман ва эсдан чиқмайдиган илм беришингни сўрайман,деб дуо қилдилар, Расулуллоҳ ﷺ “Амин”дедилар,биз хам шундай дуо қилмиз,Сиз “Амин” деб беринг дедик, У зот, Абу Ҳурайра сизлардан олдинга ўтиб кетди,дедилар».
Абу Ҳурайрани зехнини куч-қуввати, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёдда сақлаш ва мукаммаллик билан ривоят қилишларида эди. Бунга саҳобаларнинг баъзилари гувоҳлик беришган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтдилар: «Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биз сўрамаган нарсаларни жасурлик билан сўрар эдилар».
Бир киши Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни кўриб, унга:
– Эй Абу Муҳаммад, сен бу яманийни биласизми? (Яъни: Абу Ҳурайра). – У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисидан сизлар эшитмаган нарсаларни эшитганини биласизми? Биз ундан сиздан эшитмаган нарсани эшитмоқдамиз, деб ўйлама. Балки у Расулуллоҳдан эшитмаган нарсасини айтаётгандир? Талҳа розияллоҳу анҳу деди; У эшитган нарсани биз ҳам эшитганмиз, аммо уни у яхши ёдда сақлаб қолди, биз эса эсламаб қола олмадик. Чунки буни сабабини сенга айтсам,бизни аҳли байт(бола-чақа)миз пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўпроқ бўлишимиздан тўсиб қолар эди. Биз фақатгина Узот билан азонда,кечда кўришар эдик. Аммо Абу Ҳурайра эса камбағал киши бўлгани учун доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшигининг олдида туриб оларди. Шу боис у эшитганларини яхши ёдлаб қоларди, биз эса эшитмаганмиз. У Аллоҳнинг ёрдами билан Расулуллоҳдан эшитганларини мустаҳкам сақлаб қолар эди. Шубҳа йўқки, у эшитган нарсасини Расулуллоҳ қандай айтган бўлса шундай етказар эди».
Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу )мендан яхшироқдир ва у ривоят қилаётган нарсаларни мендан кўпроқ билади». У жанозаси ўқилган кунида унга раҳмат тилаб, шундай деди: «У мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёдлаб сақлаб келаётган зот эди».
Қурьоний тоифасининг эьтирозига келсак, Абу Бакр, Умар ва бошқа саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узоқ вақт бирга бўлган эдилар. Улар Абу Ҳурайрадан кўра кўпроқ вақт у зот билан суҳбатда бўлишган, аммо кўплаб ҳадисларни ривоят қилишмаганлик ҳолати Абу Ҳурайранинг ривоятларига шубҳа уйғотиш учун сабаб бўла олмайди.
Жавоб эса шундай: Абу Бакр, Умар ва бошқа саҳобалар, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп нарсалар эшитган эдилар. Лекин уларнинг кўпчилиги эшитганларини айтиб беришга вақт топа олмаган. Чунки улар давлат ишлари ва уммат раҳбарлиги билан машғул бўлиб кетган эдилар.
Абу Ҳурайра эса узоқ муддат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан яшаган ва ҳар доим уларнинг ҳузурларида бўлган. Шу сабабдан у эшитганларини кўп ривоят қилган. Абу Бакр, Умар ва бошқа халифалар эса ҳукумат ва раҳбарият ишлари билан машғул бўлганлари учун Абу Ҳурайра каби кўп ривоят қилишмаган.
Қ.Машарипов
Урганч шаҳар «Мискин бобо» масжиди имом-хатиби