Одобнинг аҳамияти

Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, жумладан, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам, бошқа барча уринишларни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Одобсиз киши ҳатто бошқалар билан алоқаси, муносабатларини ҳам яхшилай олмайди. Шунинг учун ҳам тасаввуф аҳлининг қоидаларидан бирида: «Одоб бўлмагунича, Ҳақ ва халқ билан сайри сулук бўлмас», дейилган. Шунинг учун ҳам машойихлар: «Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди», деганлар. Яхши одоб аслида нафснинг камолотга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир.

Одоб иккига: назарий ва амалий жиҳатга бўлинади. Одоб олдин назарий жиҳатдан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади. Фикр юритиб кўрадиган бўлсак, одобнинг доираси шу даражада кенгки, оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Исломда одобнинг яхшиликка чақириш маъноси инсонга боғланган барча нарсаларда намоён бўлади, яъни мусулмон инсоннинг ўзи билан боғлиқ барча нарсага одоб билан – яхшилик юзасидан муомала қилиши йўлга қўйилган. Бу муомалалар жамодот – жонсиз нарсалардан бошланади. Кейин наботот оламига, сўнгра ҳайвонот оламига ўтади, сўнгра эса инсоният олами, фаришталар олами ва ҳоказо оламларни қамраб олади. Исломдаги одоблар мусулмон инсоннинг ўз Набийси ва Роббига кўрсатадиган одоби ила тож кияди, камолга етади. Мана шундай кенг доирадаги шарафли одобларга амал қилиш аввало кишининг ўзи учун фойдалидир. Мисол учун, чой ичадиган пиёламизни олиб кўрайлик. Киши одобли бўлса, ўша пиёлани авайлаб ишлатади, тоза тутади. Натижада пиёла узоқ вақт унга кўнгилдагидек хизмат қилади. Агар ўша одам пиёлага нисбатан беодоблик қилса, унинг лаби учади, кир бўлади, дарз кетади ва охири синади. Мана шу ҳолатни бошқа ҳар бир катта-кичик нарсаларда ҳам кўриб, мулоҳаза қилишимиз мумкин. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Ҳеч бир) ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди», дедилар». Термизий ривоят қилган. Ота-она фарзанди учун ҳар нарсага ҳамиша тайёр туради. Дунёда ўзидан ўзганинг афзал бўлишини фақат ота ва онагина истайди. Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига дунёнинг бор бойлигинию, яхшиликларини ҳадя қилишга доимо шай туради. Одоб ҳақида сўз кетар экан, дунёдаги жамики мол-дунёдан‑да афзал саналган одоб ҳақида, ота-она боласига ундан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайдиган гўзал, ибратли одоб ҳақида сўз юритилган бўлади. Ҳар бир нарсада динимиз кўрсатган одобга амал қилсак, аввало бу дунёмиз учун, асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз.

Қ.Бобожонов

Хонқа тумани “Халифаи “Худойқули эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *