Марҳумларни ҳаққига Қуръон ўқиш ҳукми

Адашган тоифалардан бўлган баьзи илмсиз фатво бераётган кишилар: “Юртимизда урф бўлган эҳсон қилиб, дастурхон ёзиб, охирида тиловати Қуръон қилиш шариатда йўқ, марҳумларга унинг савоби етмайди, бу бидъат, фақат дуо қилиш мумкин”, дейишмоқда.

 Аслида кўпчилик уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар.  Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ал-Ақидатут-Таҳовия” китобида:  “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтирадилар.  “Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор.  Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.

Замондош олимларимиздан доктор Саъид Абдуллатиф Фуда “Шарҳул кабир ала Ақидатут Таҳовия” китобида шундай ёзади:  «Ибнул Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (майитга) етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин (етказгин)”, деб дуога айлантирсин”, дейди».

Диққат қилсак, Ибнул Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда  ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади, балки улкан савобли ишдир.

Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мусулмонлар мақтов ўрнида зикр қилинади.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10‑оят).

Ушбу илоҳий таълимот асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар.

Фаразан,адашганларни эьтиқодлари тўғри бўлиб чиққан тақдирда хам биз утганларимизни эслаб,уларни хаққига дуо қилганимиздан  гунохкор бўлиб  қолмаймиз. Лекин бизни эьтиқод тўғри бўлиб чиқса,улар катта афсус надомат қилишлари аниқ.

Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. Бу ҳақда етарлича далилларимиз мавжуд. Қолаверса, бир қанча фиқҳий китобларимизда ҳам бу масала очиқ-ойдин баён қилинган. Масалан, «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан,ёшларимиз бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермасликлари керак.

 

Қ.Машарипов

Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *