ОНА СУТИ — БОЛА САЛОМАТЛИГИ ВА КЕЛАЖАГИ УЧУН ЭНГ МУҲИМ НЕЪМАТ

Бола дунёга келиши билан унинг ҳаётидаги энг муҳим давр бошланади. Бу даврда тўғри парвариш, соғлом озуқа ва она меҳри ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ана шундай бебаҳо неъматлардан энг асосийси — она сутидир. Она сути бола учун табиат томонидан яратилган энг мукаммал, тоза ва фойдали озуқа ҳисобланади. У боланинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланишини таъминлабгина қолмай, уни турли касалликлардан ҳимоя қилади.

Она сутининг таркиби ва ўзига хослиги. Она сутининг энг муҳим жиҳати — унинг таркиби боланинг ёшига қараб ўзгариб туришидир. Яъни бола ҳаётининг ҳар бир босқичида унга айнан керак бўлган моддаларни она сути ўз ичига олади. Она сути таркибида: оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар, иммун ҳимоя элементлари мувозанатли ҳолда жойлашган. Айниқса, бола туғилгандан кейинги илк кунларда ажраладиган оғиз сути (колострум) жуда қимматли ҳисобланади. У сариқ рангда бўлиб, иммунитетни кучайтирувчи моддаларга жуда бой. Оғиз сути болани инфекция ва турли касалликлардан ҳимоя қилади.

Она сутининг бола саломатлигига фойдаси.  Иммунитетни мустаҳкамлайди. Она сути бола организмида ҳимоя тизимини шакллантиради. Унинг таркибидаги антителолар туфайли бола: шамоллаш, ичак инфекциялари, аллергия, ўпка касалликлари каби касалликларга камроқ чалинади. Ҳазми осон ва табиий, Она сути боланинг ҳали тўлиқ шаклланмаган ошқозон-ичак тизими учун энг мос озуқадир. Сунъий аралашмалардан фарқли равишда, она сути: ич қотишни келтириб чиқармайди, қорин дам бўлишини камайтиради, ҳазм бўлиши осон бўлади.  Ақлий ривожланишни таъминлайди. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан боқилган болаларнинг: хотираси, диққат жамлаши, ўрганиш қобилияти яхшироқ ривожланади. Бу она сути таркибидаги махсус ёғ кислоталари билан боғлиқ.

Она ва бола ўртасидаги руҳий боғлиқлик. Эмизиш жараёни нафақат озиқлантириш, балки бола учун меҳр, эътибор ва хотиржамлик манбаидир. Она қўлида бўлган бола ўзини хавфсиз ҳис қилади. Бу эса боланинг руҳий барқарорлигига катта таъсир кўрсатади. Она сути билан боқилган болалар: камроқ йиғлайди, ўзини хотиржам тутади, оналарига кучли боғланади. Она сутининг она саломатлиги учун фойдаси. Она сути нафақат бола, балки она учун ҳам жуда фойдали: Туғруқдан кейин бачадоннинг тезроқ тикланишига ёрдам беради, қон кетишни камайтиради, ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради, кўкрак бези ва тухумдон саратони хавфини камайтиради. Шунингдек, эмизиш онада руҳий хотиржамликни таъминлайди ва туғруқдан кейинги депрессия хавфини пасайтиради. Қанча вақт она сути билан боқиш керак? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра: илк 6 ой фақат она сути, 6 ойдан кейин қўшимча овқатлар билан бирга 2 ёшгача ва ундан кейин ҳам она сути билан боқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Она сути — бола ҳаётидаги илк ва энг муҳим неъматдир. У болани нафақат озиқлантиради, балки уни соғлом, ақлли ва бақувват инсон бўлиб камол топишига замин яратади. Шу боис ҳар бир она имконият борича боласини она сути билан боқиши жуда муҳимдир. Она сути — бола саломатлиги, оила бахти ва жамият келажагининг мустаҳкам пойдеворидир.

 

Г.Шерниязова

Хазорасп  туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *