Ватан — инсон туғилган гўша, аждодлари ҳаёт кечирган юрт. У шу масканда улғаяди, таҳсил олади, оила қуради, фарзандларини улғайтиради, мақсадлари сари қадам ташлайди, муқаддас хотиралар ҳам шу диёр билан боғлиқ бўлади. Ватанни севиш инсон табиатини бир бўлагидир. Шунинг учун, Ватандан узоқлашганда уни соғинамиз, доим унга талпинамиз. Хотиржамликни ўз уйимизда, яқинлари даврасида, ўз Ватанимизда ҳис қиламиз.
Касбимиз тақозаси билан кўп инсонлар, кўп оилалар билан суҳбатда бўламиз. Инсонларнинг ўй-кечинмалари, орзу-мақсадлари билан танишамиз. Зеро, оила, бу Ватан ичидаги бир ватан. Ватанга муҳаббат ҳам оиладан бошланади. Ватанга муҳаббат эса баландпарвоз сўз эмас, мақсадлар, ҳаракатлар муштарак бўлмоғи ҳамдир. Шу жиҳатдан Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар, кенг кўламли ва узоқни кўзлаган лойиҳалар ҳар бир оила, ҳар бир инсон манфаатини назарда тутиши билан қадрли. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини билан танишар эканмиз, унинг ҳар бир банди юртимиз равнақи, инсон қадрини кўзда тутганига амин бўламиз. Хусусан, таълим йўналиши бўйича кўзда тутилган мақсадлар кишини қувонтиради. Зеро, келажак авлоднинг билими қанчалик мустаҳкам бўлса, юрт келажаги ҳам шунчалик порлоқ бўлади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси дастурида ёшларнинг таълим олиши, замон талабларига монанд, рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилиши назарда тутилган. Масалан, Ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” ташкил қилиниши, Ёшлар ишлар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг экология, соғлом турмуш тарғиботи, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш каби ижтимоий аҳамиятга молик волонтёрлик лойиҳалари йўлга қўйилиши, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши, “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиёти, “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳаси жорий этилиши, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларидан ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга тушириш кабиларнинг ҳаммаси ёшларнинг орзу-мақсадларини ўзида мужассам этган. Спортни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, юртимиздаги тинчликнинг ва албатта, давлатимиз раҳбарининг ишончи натижаси десак, янглишмаган бўламиз. Шу ўғил-қизларимиз қалбидаги Ватанга муҳаббат ҳисси ҳам уларга куч берганига ишонаман. Ҳар бир истеъдодни қўллаш, чекка қишлоқларда ҳам спортни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар келажакда ютуқлар сонини янада оширишини тилаб қоламиз.
Юқорида саналган ислоҳатлар юртимизда яратилаётган имкониятларнинг бир қисмигина холос. Қабул қилинаётган қарорларда халқимизнинг ҳар бир вакилининг касби, ёши, эътиқоди, миллатидан қатъи назар манфаати кўзда тутилган. Ҳар бир инсон ўз эътиқоди бўйича ибодатларни амалга ошириш ҳуқуқи ҳам таъминланган. Жорий йилги “Атроф мухитни асраш ва яшил иктисодиет йили” бўйича давлат дастури лойиҳаси ҳам янги стратегиядан келиб чиқиб тайёрланган. Очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 15мингдан зиёд таклифлар олинган. Улар таснифланиб ва умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ ташаббуслар билан тўлдирилган. Яъни ҳар бир қарор, ҳар бир фармон халқ билан бамаслаҳат, уларнинг фикр ва мақсадларини ўрганиб қабул қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳар бир учрашувда халқимизни шундай фаолликка чақириб келаётгани жуда қувонарли. Президентимиз нутқларидан бирида “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз” дея таъкидлаб ўтганди.
Хўш, биз Ватанни севиш деганда нимани тушунмоғимиз керак? Аввало, шукроналикни. Инсон қачонки, унга берилган неъматлар, шароит учун шукр қилса, шундагина қалб хотиржамлигига эришади. Тинч, осойишта Ватанда яшамоқнинг ўзи катта бахт. Фақат бу бахтни англаш ва қадрлаш, асраш учун шукрни унутмаслик керак. Шукр, бу берилаётган имкониятларни кўра олиш ва улардан тўғри фойдаланишга эшик очади. Оддийгина мисол, бугун хусусий тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқчи бўлганлар қанчадан-қанча имконият, имтиёзлар бор. Рўзғорга ризққа барака кириши учун шу имкониятларни тўғри баҳолай олиш муҳим. Шундагина натижа ижобий бўлади. Бунинг замирида эса шукроналик ётмоғи керак. Шу жиҳатдан маҳалларда ўтказилаётган диний-маърифий тадбирлар, икки авлод ўртасидаги учрашувларнинг аҳамияти катта. Қачонки инсон атрофдагилар фикр алмашса, тажрибаси билан ўртоқлашса, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилса, шукр ҳисси уйғонади, янги мақсадлар сари адашмай қадам ташлайди.
Вазифам юзасидан бўладиган учрашувлар, кузатувлардан келиб чиқиб шуни айта оламанки, инсонларни Ватанга муҳаббат бирлаштириб туради. Дилдаги мана шу муҳаббатни асрамоқ керак. Чунки одам ёлғиз ўзи келажагини қуролмайди. Ёлғиз ўзи мақсадлари сари интила олмайди. Уни оиласи, Ватани қўлламоғи керак. Ватан ҳам шундай. Бир халқ бўлиб бирлашиб, бир халқ бўлиб елкама-елка ҳаракат қилиб, бир халқ бўлиб бир-биримизни қўллаб яшасак, юртимизда янада яхши ўзгаришлар, эзгу ишлар, катта кўламли, халқ манфаатига хизмат қилувчи лойиҳалар амалга оширилади. Шу жиҳатдан жорий йил давлат мустақиллигининг 34 йиллик байрами муносабати билан “Ватан учун,миллат учун,халк учун” шиори қанчалик ўринли эканлигига амин бўлаяпман.
Ватан битта бўлади. Худди ота-онамиз каби, боламиз каби жонга яқин томиримиз у. Биз тўла бахтни, хотиржамликни у билан ҳис қиламиз. Шундай экан, унинг янада обод бўлмоғи учун ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, Алишер Навоий бобомиз Ватан муҳаббати ва унга садоқат маъноларини ўз рубоийларида қуйидагича гўзал ифода қилганлар:
Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмуш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмуш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмуш.
Г.Қўчқорова
Янгибозор тумани “Шоирлар” маҳалла отинойиси