Она сути — ҳаёт манбаи ва соғлом авлод гарови

Инсон ҳаётининг илк босқичи — чақалоқлик даври жуда нозик ва муҳим ҳисобланади. Айнан шу даврда боланинг келгуси соғлом ҳаёти, жисмоний ва ақлий ривожланишига пойдевор қўйилади. Бу жараёнда она сутининг ўрни беқиёсдир. Она сути табиат томонидан яратилган энг мукаммал озуқа бўлиб, у янги туғилган боланинг барча эҳтиёжларини тўлиқ қондириб беради. Шу сабабли ҳам она сути нафақат озуқа, балки ҳаёт манбаи сифатида қадрланади. Она сути таркибида бола организми учун зарур бўлган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минераллар ва иммун ҳимоя қилувчи моддалар мавжуд. Унинг таркиби боланинг ёшига қараб ўзгариб туради. Масалан, туғилгандан кейинги илк кунларда келадиган оғиз сути (колострум) айниқса қимматли бўлиб, у кучли иммун ҳимоя вазифасини бажаради. Оғиз сути сариқ рангда бўлиб, кам миқдорда келади, аммо жуда тўйимли ҳисобланади. У боланинг ичак фаолиятини яхшилайди, биринчи нажас — меконийнинг чиқишига ёрдам беради ва инфекцияларга қарши курашади. Кейинчалик она сути тўлиқ сутга айланиб, боланинг ўсиши ва ривожланиши учун хизмат қилади. Она сути сунъий озиқалардан фарқли равишда боланинг ҳазм қилиш тизимига тўлиқ мос келади ва осон сингади. Шунинг учун эмизилаётган болаларда ич кетиши, қабзият ёки аллергия кам учрайди. Она сути билан озиқланган болалар соғломроқ бўлади. Улар турли юқумли касалликларга кам чалинади, иммунитети мустаҳкам бўлади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан эмизилган болаларда ўпка касалликлари, қулоқ яллиғланиши, ичак инфекциялари камроқ кузатилади. Бундан ташқари, она сути боланинг мия ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Она сути таркибидаги махсус ёғ кислоталари боланинг ақлий салоҳиятини оширишга ёрдам беради. Шу сабабли она сути билан катта бўлган болаларда ўқиш қобилияти ва диққатни жамлаш даражаси юқори бўлиши кузатилади. Она сути боланинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир қилади. Эмизиш жараёнида она ва бола ўртасида меҳр-оқибат, ишонч ва хотиржамлик ҳисси мустаҳкамланади. Бу эса боланинг келгусидаги руҳий барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Эмизиш нафақат бола, балки она учун ҳам жуда фойдали. Болани эмизиш жараёнида онанинг организми туғруқдан кейин тезроқ тикланади. Бачадон қисқариб, қон кетиш камаяди. Бу эса асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Шунингдек, эмизиш ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради, чунки она организми кўп энергия сарфлайди. Илмий маълумотларга кўра, узоқ муддат эмизган аёлларда кўкрак ва тухумдон саратони хавфи камаяди.

Она учун яна бир муҳим жиҳат — руҳий хотиржамликдир. Эмизиш вақтида организмда “бахт гормони” деб аталувчи окситоцин ишлаб чиқилади. Бу гормон онанинг кайфиятини яхшилайди, стрессни камайтиради ва болага бўлган меҳрни оширади. Болани тўғри эмизиш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Чақалоқ туғилгандан сўнг иложи борича эрта — биринчи соат ичида она кўкрагига қўйилиши керак. Бу она сутининг кўпайишига ва боланинг соғлом ўсишига хизмат қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болани биринчи 6 ой давомида фақат она сути билан озиқлантиришни тавсия этади. Бу даврда болага қўшимча сув ёки бошқа озиқалар бериш шарт эмас. 6 ойдан кейин қўшимча овқатлар киритилса-да, она сути 2 ёшгача ёки ундан ҳам узоқ давом эттирилиши мумкин. Она ўз овқатланишига алоҳида эътибор бериши лозим. Соғлом, витаминларга бой, тўйимли таомлар истеъмол қилиш она сути сифатини оширади. Зарарли одатлар, айниқса тамаки ва спиртли ичимликлар она сутига салбий таъсир кўрсатади.

Она сути билан эмизишни қўллаб-қувватлаш нафақат оила, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Онага қулай шароит яратиш, уни қўллаб-қувватлаш, тўғри маълумот бериш соғлом авлод тарбиялашда муҳим роль ўйнайди. Оммавий ахборот воситалари, тиббиёт ходимлари ва таълим муассасалари орқали она сутининг аҳамияти ҳақида кенг тарғибот ишлари олиб борилиши лозим. Бу орқали ёш оналарда онгли муносабат шаклланади. Она сути — бола ҳаётидаги энг муҳим ва қимматли неъматдир. У боланинг соғлом ўсиши, ақлий ва жисмоний ривожланиши, иммунитети мустаҳкам бўлиши учун асос яратади. Шу билан бирга, она саломатлиги ва руҳий хотиржамлигига ҳам катта фойда келтиради. Она сутига бўлган эътибор ва уни қадрлаш соғлом жамият ва соғлом авлод гаровидир. Шунинг учун ҳар бир она она сутининг аҳамиятини англаши, ҳар бир оила эса эмизишни қўллаб-қувватлаши зарур.

 

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *