Имом-хатиблар томонидан олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, фаолиятни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, хусусан, соҳадаги ишларни рақамлаштирган ҳолда умумлаштириб бориш, маълумотлар базасини тизимли шакллантириш ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан электрон платформа жорий қилинди.
Ушбу платформадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Хоразм вилоятида имом-хатиблар учун тадбир ташкил этилди. Унда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, ЎМИ масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Рахматуллоҳ Саиджалолов, шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақолпоғистон Республикасидан ташриф буюрган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда вакилликларнинг кадрлар ва масжидлар билан ишлаш бўйича мутахассислари иштирок этдилар.
Мазкур электрон платформа имом-хатиблар фаолиятини таҳлил қилиш, ҳисоботларни электрон шаклда юритиш, режа ва натижаларни аниқ кўрсаткичлар орқали баҳолаш имконини беради. Шунингдек, KPI (асосий самарадорлик кўрсаткичлари) тизими орқали соҳа ходимлари фаолиятини баҳолаб бориш механизми жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тақдимот жараёнида платформада имом-хатиблар фойдаланадиган қисмлар, шунингдек, модератор ва администраторлар учун мўлжалланган бўлимлар бўйича батафсил тушунчалар берилди. Иштирокчилар платформа орқали маълумот киритиш, таҳрирлаш, назорат қилиш ва умумий таҳлилларни амалга ошириш тартиблари билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар мазкур электрон платформа имом-хатиблар фаолиятини самарали ташкил этиш, вақт ва ресурсларни тежаш, шунингдек, жойларда олиб борилаётган ишлар сифатини янада оширишга хизмат қилишини таъкидладилар. Шу билан бирга, бундай замонавий ёндашувлар диний-маърифий соҳадаги ишларни тизимли ва мақсадли равишда ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиши қайд этилди.