Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? Қайинота ва қайинона қандай муносабатда бўлиши керак?
Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, сизу бизни шундай файзли юрт ва донишманд халқнинг фарзанди қилиб яратди. Азалдан ота-боболаримиз оила тотувлиги ва мустаҳкамлигини бошқа масалалардан кўра биринчи ўринга қўйиб, оиланинг тартиб интизоми ва тарбияси билан алоҳида шуғулланганлар. Зеро, оила қуриш, оилавий ишлар билан шуғулланиш улуғ ибодатлардандир. Оилани барпо қилиш билан киши катта ажрга эга бўлса, унинг барбод бўлишига сабаб бўлиш эса оғир гуноҳдир. Зеро, бир оиланинг ажралиши бу турли фитна ва фасодларнинг пайдо бўлиши ва авж олишига олиб келади. Шунинг учун ҳам динимизда оиланинг ажралиши маъқулланмайди. Аллоҳ таоло оилани сақлаш масъулиятини эркакларнинг зиммасига юклаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
яъни: “Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. (Нисо, 19–оят).
Оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканини англаб етиш ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўриш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Қадимдан бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, ундан кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар.
Сир эмаски, ҳозирги вақтда оилавий ажралишларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида оилада эркак киши яъни, қайнотанинг бепарволиги сезилиб қолмоқда. Ота оиланинг раҳбари сифатида оиланинг бошқа аъзолари томонидан янги келинга бўлаётган муносабатга бепарво бўлмаслиги лозим. Айниқса, қайнона томонидан келинга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинганда уни тартибга чақириш, ноҳақликни олдини олиш қайнотанинг вазифаси.
Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади.
Бир йигитнинг онаси: “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оқ қиламан”, — деб туриб олган экан, у: “Талоқ қилдим”, — дебди. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, нима қилади?” дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.
Оилани сақлашда эр, яъни келиннинг турмуш ўртоғининг ҳам ўрни катта. Эр келиннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши, бунинг учун ота-она билан муроса-ю мадора йўлини тутиши лозим. Аксинча, тўйдан сўнг келинни буткул онаси ёки опа-сингилларининг ҳукмига ҳавола қилиб қўйишлиги адолатдан эмас. Акс ҳолда, бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб, оқибатда оиласига нисбатан меҳр қўйиб кета олмайди. Зеро, оилали бўлган эрнинг зиммасида аёлини нафақат едириб-ичириш, уй-жой ва кийим-кечак билан таъминлаш, балки унга шу оиланинг ҳақиқий аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш, жумладан дам олиш, ибодат қилиш, болалари тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам имконият яратиб бериш мажбурияти бор.
Хуллас оилада келинга муносабат шундай бўлиши керакки, худди бобо деҳқонга ўхшаш керак. Бобо деҳқон бир кўчатни бир жойдан иккинчи жойга кўчирганда уни қандай парвариш қиладиган бўлса, оилада келинга бўлган муносабат (парвариш) унданда ортиқ бўлиши керак. Аллоҳ таоло барчамизнинг оилаларимизни тинч ва осойишта бўлмоғини насиб айласин.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби