Рамазон – ойларнинг султони

  Муқаддас ислом динимизда бир қанча муборак ойлар, кунлар ва кечалар борки, уларнинг фазилати ва қадри бошқа оддий кунлардан устундир. Ана шундай улуғ ва шарафли ойлардан бири, шубҳасиз, Рамазон ойидир. Бу ой ҳақли равишда «ойларнинг султони» деб номланади, чунки унда беҳисоб раҳмат, мағфират ва баракалар жамланган. Рамазон ойининг энг катта фазилати – Қуръони Каримнинг нозил бўлиши билан боғлиқдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида марҳамат қилади: «Рамазон ойики, унда одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўлни ҳамда фурқонни баён қилувчи Қуръон нозил қилингандир. «Бу оят Рамазоннинг нақадар улуғ ой эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Қуръон инсониятни зулматдан нурга олиб чиқувчи, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида тўғри йўлни кўрсатувчи илоҳий дастурдир. Айнан шу ойда бу муқаддас китобнинг нозил бўлиши Рамазонга ўзига хос шараф бахш этган. Рамазоннинг яна бир беқиёс фазилати – рўза тутиш фарз қилинган ой эканлигидир. Рўза нафақат жисмоний ибодат, балки руҳий покланиш, нафсни жиловлаш ва Аллоҳга яқинлашиш воситасидир. Рўза тутиш орқали инсон сабр-қаноатни ўрганади, камбағал ва муҳтожларнинг ҳолатини ҳис қилади, шукроналик туйғусини кучайтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади,» деганлар. Бу ҳадис рўзанинг нақадар улкан ажрларга эга эканлигини англатади.

  Бу ойда қилинадиган ҳар бир хайрли амалнинг савоби бир неча баробар зиёда қилинади. Садақа бериш, Қуръон тиловат қилиш, зикр айтиш, тасбеҳ ўгириш, илм олиш ва бошқа барча яхшиликларнинг мукофоти кўпайтирилади. Шу сабабли мўмин-мусулмонлар Рамазонда янада кўпроқ ибодат ва эзгу амаллар қилишга интиладилар. Рамазоннинг яна бир ўзига хос хусусияти – унда Қадр кечасининг борлигидир. Қадр кечаси минг ойдан афзал бўлган кеча бўлиб, бу кечада қилинган ибодатларнинг савоби жуда улуғдир. Аллоҳ таоло Қадр сурасида: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир,» деб марҳамат қилган. Бу кечада фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча Аллоҳнинг изни билан барча ишларни тақсимлайдилар. Мусулмонлар бу кечани ибодат, дуо ва тавба-истиғфор билан ўтказишга ҳаракат қиладилар.

  Рамазон ойи жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни кучайтиради. Ифторликлар, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар жамоатни бирлаштиради, қалбларни яқинлаштиради. Бу ойда одамлар бир-бирларига янада эътиборли бўладилар, ёрдамга муҳтожларга қўл узатадилар, қариндош-уруғлар ва қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Мухтарам юртбошимиз тамонидан қилинаётган юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож имконияти чекланган ва химояга муҳтож оилаларга, касалманд  ўксик қалбларга берилаётган ёрдамлардан  бошимиз кўкка етди. Биз отинойилар ҳам юртимиз тинчлиги фаровонлиги йўлида ҳиссамизни қўшишни ўз бурчимиз деб билиб маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган  ногиронлиги бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олиб ўксик қалбларни севинтириб дуоларини олдик.

  Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи – Аллоҳ таолонинг бандаларига берган бебаҳо инъомидир. Бу ойда ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини руҳан ва жисмонан поклаш, гуноҳларига тавба қилиш, Аллоҳга яқинлашиш ва абадий саодатга эришиш учун имконият топади. Шу боис, бу ойнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати ғанимат билиниб, ундан унумли фойдаланиш лозим. Рамазон – ҳақиқатан ҳам ойларнинг султони, қалбларнинг нури, руҳларнинг озуқасидир.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойининг барокотидан халқимизни тинчлик осойишталик неьматида  бардавом айласин, заминимизга ўзининг файзу баракасини сероб қилсин.

М.Абдуллаева

Хива туман бош имом хатибининг хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *