Ақида билмаган шайтонга элдур…

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси ҳар доим инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидан иборатдир. Ҳар бир инсоннинг имони, эътиқоди унинг бажаратган амали, ақидасининг софлигига боғлиқдир. Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.

Бинобарин, динда ҳар доим ҳам ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз нажот топаман деган кишилар адашади. Илм нажот ва бахт-саодат калитидир. Буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилди. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқди. Агар уларда илм бўлганида, бу ишни қилмаган бўлар эди”.

Дарҳақиқат, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам шулар жумласидандир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади. Ғулувдан сақланиш борасида Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтганлар. Шунингдек, у зот умматини огоҳлантириб бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).

Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Ақида борасида эса хозирги  пайтда дунёдаги барча мусулмонларнинг учдан икки қисми  Мотуридий ақидасига, бир қисми Имом Ашъарий ақидасига амал қилади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради», деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир!-деб сўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар», деб жавоб бердилар. Саҳобалар давридан кейин соф исломий ақидани бузишга ҳаракат қилганлар, илмсиз бу ишга киришганлар ягона исломий эътиқоддан жуда кўп адашган тоифаларни юзага келтирдилар .

Ақида Исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар: ”Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур” деб таъкидлаганлар.

          Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда кўплаб диний таълим муассасалари, жумладан, юртимизнинг кўплаб вилоятларида Ислом билим юртлари, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти, 2 та аёл-қизлар таълим оладиган Ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли олимларимиздан сўраб, таълиф этган китобларини ўқиб ўрганишимиз даркор. Барчамиз динимиз, ватанимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Бугунги кунда келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши ҳамда динда ғулувга кетмасликлари учун ота-она, маҳалла, мактаб, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб этилади. Ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситаларига боғланиб қолар экан, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишлари ҳам мумкин. Чунки, илм интернетдан олинмайди. Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Аждодларга муносиб тўғри ақидада собит турадиган авлодлардан қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “Аҳли суннат вал-жамоат” да собитқадам қилсин!

Х.Отажонов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *