Лоқайд ва бепарво бўлмайлик

      Бугунги кунда мобил қўл телефонлари ва унга уйғун равишда  интернет хаёт тарзимизга тез кириб келди  ва оммалашиб кетди.  Бугун интернет хар қандай юмушни тез ва осон хал қилиш, тезкор ахборотлар алмашиш воситасига айланган.  Глобал тармоқлар ғоятда тез тараққий топган ҳозирги замонамизда бу хизматлардан энг кўп фойдаланаётган ёшлар – ўсмирлар, болалар эканлиги хеч кимга сир эмас.

     Барчамизнинг вояга етаётган ўғил-қизларимизда қўл телефонлари бор. Улар бевосита интернат тармоғига уланган.  Бу ёқда мобил алоқа компаниялари «Энг арзон ва кўп интернет» деб хар куни бонг уриб ётибди.

     Манфаатпараст кимсалар  миллатлар, халқлар, динлар, давлатлар ўртасига низо ва зиддиятлар солаётган хозирги таҳликали замонда интернет уларнинг асосий қуролига айланган. Буни интернетдаги етти мингдан ошиқ сайтларда жойлаштирилаётган ёвуз даъватлар, ёлғон ахборотлар, вертуал олам қаллобликлари, хаёсизлик, оломонча маданият хуружи яққол кўрсатиб турибди. Истаймизми – йўқми бугун интернет фитналар гирдобига айланиб бормоқда.

       Фарзандига қўл телефони харид қилган ота-она аввало ўғли ёки қизининг ўқиш ва бошқа юмушларда юрганида ўзи билан тезкор боғланиши,дўстлари билан мулоқотлашиб туришини истайди. Қолаверса, айрим ижтимоий тармоқлардан илм, фан янгиликларини ўқиб, ўзлаштириб олиши тарафдори. Аммо, ушбу «ўргимчак тўри» нинг бошқа имкониятлари хам борлигини унутиб қўяди.

       Хали онги шаклланмаган мияси ахборотларга мухтож фарзандларимиз ўз қўл телефонида нималар билан машғуллигини кунда назорат килиб бориш хар биримизга карз ва фарздир. Негаки, ёш бола, ўсмирлар  қизиқувчан бўладилар. Тасодифан  бирор сайтга кириб ундаги чакирик ёки даватларга аввал бошда шунчаки кизикиш, эрмак сифатида карашлари мумкин, аммо бола «фалон ахборот давоми нима бўлди экан?», “Улар кайси “адолатсизлик”дан бонг уришяпти?” каби саволларга жавоб излаб, аста секин ўшаўрганган  сайтидаги тузокка илина боради.  Ўша сайтга ин қурган ёвуз кимсаларнинг асл максадлари хам шу: ёшларимиз онгини захарлаш, ўз хунрезликларига шерик қилиш, уларни ёлғон-яшиклар ва албатта моддий манфаатдорлик эвазига тўғри йўлдан уриш.

     Минг бора афсуслар бўлсинким, фитнакор ғаламисларнинг тузоғига илиниб, дунёнинг қай бир нотинч худудларига чиқиб кетган, уларнинг хунрезликларига қўшилган, қай бир овлоқ маконларда ит ўлими топган ва топаётган юртдошларимиз хам учраб турибди. Бу қилмишлари билан бу нобакор ватанфурушлар ўз яқинларини, ота-оналари юзларини ерга қаратишмоқда.

     Ана шундай ачинарли қисмат бошимизга тушмаслиги учун хар биримиз доимо огох бўлишимиз, фарзандлар тарбиясида бир зум бўлсада лоқайдликка йўл қўймаслигимиз шарт. Пайғамбаримиз САВ шундай мархамат қиладилар: “Ким бир мункар, ёмон  ишни кўрганида, аввало қўли билан қайтарсин, сўнгра тили билан қайтарсин, бўлмаса шу мункар ишни дили билан ёмон кўриб турсин, мана шу иймоннинг энг заифидир”.

    Айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига, назоратига бефарқлиги, лоқайдлигини кўриб мухтарам юртбошимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарларидаги: “Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик хукм сурса, энг долзарб масалалар ўзи бўларликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади” деган пурхикмат сўзлари ёдга келаверади. Лоқайд эмас хушёр, бепарво эмас доим огоҳ бўлайлик.

 

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *