Оилавий ажримларга сабаблар…

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила қуриш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Минг афсуслар бўлсинки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар кўпайиб кетди. Қуйида оилавий ажримнинг салбий оқибатларидан баъзиларини баён қиламиз:

  1. Ажрашган эр ва хотиннинг ҳеч бўлмаганда обрўси тўкилиши. Эрга нисбатан “битта хотинни эплай олмади, яхши одам бўлганда аёли билан чиройли муомала қилиб яшар эди”, деган гап-сўзлар, аёлга нисбатан эса “эрининг хизматини қилолмади, яхши аёл бўлганида эрининг измидан чиқмасдан, муроса қилиб, тинчгина яшар эди”, деган қарашлар келиб чиқади. Ажрим оқибатида “боши очиқ” аёл ва “бўйдоқ” эркаклар пайдо бўлади. Бу ҳолат одатда жамиятда зино ва ҳаёсизликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, маънавий муҳитни бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда баъзи “боши очиқ” ёшгина аёллар ноқонуний иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотинликка ҳам рози бўлмоқдалар.
  2. Ўртадаги фарзандларни тирик етим бўлиб, сарсон бўлиши. Бечора фарзандлар ўртада сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмайди. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Отаси билан суҳбатлашса, “онанг ундай, онанг мундай” деганга ўхшаган гапларни гапириб болага онасини ёмонлайди ва ёмон кўрсатишга ҳаракат қилади. Онаси билан гаплашса, “отанг бундай, отанг ундай” деган гапларни гапириб болага отасини ёмонлайди. Натижада бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келади. Тарбияси бузилади. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлади. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
  3. Ажрашувчи икки ёшнинг ота-оналарининг машаққат чекиши. Ота-она орзу ҳавас қилиб, қанча меҳнат-машаққат ва қийинчиликлар билан фарзандини тўй қилиб: “Зиммамдаги вазифани бажардим, боламни оилали қилдим” деб энди эркин нафас олиб турган пайтда фарзандини оиласи бузилса, ота-онага моддий ва маънавий жиҳатдан қаттиқ зарба бўлади. Ота-она ва бошқа барча қариндошлар руҳий изтиробга тушади.

Динимизнинг мўмин-мусулмонларга муҳим кўрсатмаларидан бири оила қуриб, ҳалол пок яшаш, ўзидан солиҳ зурриётлар қолдиришдир. Оила мустаҳкам ва тинч бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Аксинча, оилалардаги парокандалик жамият барқарорлигига путур етказади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло эркак ва аёлнинг оила қуриб яшашини инсон табиатига мувофиқ эканини эслатади ва оила қуришга тарғиб қилиб, шундай дейди:

وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).

Мусулмон киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар:

النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ لَمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي وَتَزَوَّجُوا فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ يَوْمَ الْقِيَامَة (رواه الأمام ابن ماجة).

яъни: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ким ўзини ҳаром (зино)дан сақлаш ҳамда шариат кўрсатмасига мувофиқ ҳаёт кечириш учун оила қурса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

ثَلاثةٌ حَقٌّ على الله تَعالى عَوْنُهُم … النَّاكِحُ الَّذِي يِرِيدُ العَفافَ )رواه الأمام أحمد عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, … (улардан бири), “ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Бу ҳадиснинг ҳикматини қарангки, аввал камбағал бўлиб, никоҳдан сўнг бой-бадавлат бўлиб кетган қанча-қанча одамлар бор!

Никоҳнинг шариатимизга киритилиш ҳикматлари:

  1. Никоҳ орқали эркак ва аёлнинг иффатини сақлаш;
  2. Инсон наслини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш;
  3. Пок наслу насабни боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши;
  4. Жамиятнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш;
  5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро яхши алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Мана шу сабаблардан минг йиллардан бери мусулмон халқлар никоҳни муқаддас санайдилар, имкон борича оилани асрашга ва уни бузмасликка ҳаракат қиладилар. Мазкур анъаналар сабабли жамиятда кўп ютуқларга эришганлар. Хусусан, жамиятда ҳаё-иффат масалалари ҳанузгача сақланиб қолган, оилада эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат йўқолмаган. Оилада солиҳ фарзандлар тарбиялаб, насабларини пок сақлаб келмоқдалар.

Мазкур ҳолат ҳам оиланинг ажралиб кетишига асосий сабаблардандир. Чунки бундай эркаклар аёли ва болаларига беэътибор бўлиб қолишади, қолаверса мастлик пайтида жиноятлар, хусусан, аёлини талоқ қилиш тез-тез содир бўлади. Бундай кишилар шариатимизда иккита айб ишни қилган, деб эътиборга олинади.

Баъзи ҳолларда эр-хотин ўртасида чиройли муомала ёки озгина эътибор етишмаслигидан ҳам ўрта совиб кетади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом оилада аёлларга чиройли муомала қилиш, уларга меҳр-шафқат кўрсатишда чиройли ўрнак эдилар. Ҳадиси шарифда: “Эр киши аёлига табассум билан қараса аёл ҳам эрига табассум билан қараса Аллоҳ таоло ҳам уларга табассум ила назар қилади” дейилган. Аллоҳнинг табассум ила назар қилишидан мурод уларга Ўз раҳматини ёғдиришидир.

Ф.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *