Оила ва тарбия – жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

Оила – инсон ҳаётидаги энг муқаддас маскан, меҳр-муҳаббат, садоқат ва тарбия ўчоғидир. Инсон дунёга келиб, илк бор эзгулик, меҳр, ҳурмат, ҳалоллик ва ватанпарварлик каби фазилатларни айнан оила муҳитида ўрганади. Шу боис халқимизда: «Қуш уясида кўрганини қилади», деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Фарзанднинг келажаги, унинг маънавий камолоти ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, аввало, оилада берилган тарбияга боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, фарзандларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, мустаҳкам оила – барқарор жамиятнинг асосидир.

Оила инсон учун нафақат яшаш маскани, балки маънавий таянч, меҳр-оқибат ва ишонч манбаидир. Ота-она фарзанди учун энг биринчи устоз ҳисобланади. Уларнинг ҳар бир сўзи, муомаласи ва ҳаёт тарзи бола қалбида чуқур из қолдиради.

Оилада ўзаро ҳурмат, самимийлик ва меҳр-муҳаббат ҳукм сурса, фарзанд ҳам шундай муҳитда тарбия топади. Агар хонадонда тинчлик ва тотувлик бўлса, фарзанднинг дунёқараши кенгайиб, илмга, меҳнатга ва эзгу ишларга интилиши ортади. Аксинча, оиладаги келишмовчилик ва бефарқлик боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандига нафақат моддий шароит яратиши, балки унга яхши тарбия, меҳр ва эътибор беришни ҳам ўзининг энг муқаддас бурчи деб билиши лозим.

Тарбия инсон камолотининг асосий омилларидан биридир. Илм инсонни билимли қилса, тарбия уни комил шахс этиб вояга етказади. Шу сабабли фарзанд тарбиясида оила, таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлиги жуда муҳим аҳамиятга эга. Болаларни кичик ёшиданоқ катталарни ҳурмат қилишга, ростгўйликка, ҳалол меҳнат қилишга, Ватанни севишга ва инсонларга яхшилик қилишга ўргатиш керак. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз ва буюк аждодларимиз меросини ёш авлод онгига сингдириш ҳам тарбиянинг муҳим қисми ҳисобланади. Бугунги ахборот технологиялари ривожланган даврда фарзандларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишга ўргатиш ҳам долзарб вазифадир. Ота-она фарзандининг қизиқишлари билан қизиқиб, унинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиши лозим.

Фарзанд тарбиясида ота ва онанинг масъулияти тенгдир. Ота фарзанд учун жасорат, меҳнатсеварлик ва масъулият намунаси бўлса, она меҳр-мурувват, сабр-тоқат ва оқилалик тимсолидир. Фарзандга бериладиган энг катта бойлик – яхши тарбиядир. Мол-дунё вақт ўтиши билан йўқолиши мумкин, аммо эзгу тарбия инсон билан умрбод қолади. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандига яхши намуна бўлиши, унинг қалбига эзгулик уруғини экиши зарур. Оила ва тарбия бир-биридан ажралмас тушунчалардир. Мустаҳкам оилада тарбия топган фарзанд келажакда Ватанга садоқатли, илмли, ҳалол ва маънавиятли инсон бўлиб етишади. Бу эса жамият тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигининг энг муҳим гаровидир.

Ҳар биримиз оиламиз тинчлиги, фарзандларимизнинг маънавий камолоти ва жамият равнақи учун масъулмиз. Зеро, бахтли оила – бахтли жамият, яхши тарбия эса буюк келажакнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Ф.Отажонова

ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *