Бемазҳаблик балоси

Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.

Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи эса: “Ушбу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: “Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар”, деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!”, деганлар. Яъни, ҳадис айтгани билан, оятни тафсир қилгани билан унга эргашиб кетилавермайди.

Демак, диний даъватда, диний илмни тарқатишда, диний илмни олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернетда ўтирган, facebook да диндан гапираётган, youtube да кунора чиқиб турган, лекин кимлиги номаълум, оқибати ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмаслиги лозим. Чунки, бу диндир. Динда уни ким етказаётгани муҳимдир. Ҳадис айтди, оят келтирди, демак, унга эргашиш вожиб бўлди, дейилмайди. Уни ким айтди, нимага айтди, қайси мақсадда айтди, нима учун айтди, қаерда ва қачон айтди – шуларга қаралади. Фатво берувчининг ўзи таниқли олим бўлиши, қаерда туғилиб-ўсгани, кимлардан илм олгани аниқ бўлиши, қайси китоблардан таҳсил кўргани ошкор бўлиши лозим.

Бемазҳабликка тарғиб қилувчилар ўлкалардаги уруш ва жанжалларга, бутун дунёдаги масжидлардаги тортишувларга улар сабабчи бўляпдилар.

Бемазҳаблик келтирган балолардан яна бири имом-домлаларнинг айтган гапларига кўнмаслик, шайхларимизга қулоқ осмаслик оқибатида келиб чиқди. Ўзбилармонлик қилиб, халқ ўз имомларига қулоқ солмаслиги фожеадир! Кўпгаплик, ўзбилармонлик Қиёмат аломатларидандир. Бундан кейин ҳам имом-домлаларимиз, шайхларимиз, диний раҳбарларимизга қулоқ осиб борсак, орамизга ихтилофлар тушмайди, иншаАллоҳ.

Бемазҳаблик келтирган балолардан яна бири катта хатолардан бири имом-домлалардан ва аҳли илмлардан хато ахтариш, уларнинг айбини оммага ошкора қилиш, озгина янглишувини худди миллат фожеаси каби бўрттириб кўрсатиш эди. Бу дин душманларининг бутун дунё бўйлаб қўллаб келаётган энг оммавий услубларидан биридир. Ушбу услуб бугун ҳам ҳар хил кўринишларда бўй кўрсатиб турибди. Улуғ саҳоба Абу-д-Дардо (розияллоҳу анҳу): “Инсоннинг мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишидир!”, деганлар.

М.Болтаев

Тупроққалъа тумани “Абул Маржон” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *