Омонатдорлик — юксак шараф ва буюк масъулият

Омонат хоҳ мол, хоҳ бошқа нарса бўлсин, инсонларнинг омонат учун берилган нарсаларини ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в.)дир.

У зот омонат бобида ҳам барча умматларига ўрнак эдилар ва “хиёнат” мунофиқликнинг энг катта белгиларидандир деб такидлаганлар;

«Мунофиқнинг белгиси учтадир – ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш.» (Бухорий ва Муслим ривояти)

Омонатга хиёнат этишлик мунофиқлик аломатларидандир. Яъни, агар унга биров омонат қўйса, омонатдорлик қилмайди. Балки, унга омонат қўйилган ҳақларга хиёнат қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:

«Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз омонат қўйилган киши омонатни адо қилсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин!»

Баъзилар сизга ишонгани ва сиз ҳақингизда яхши ўйда  бўлгани учун ўз ҳақини бериб қўяётганида гувоҳ чақирмайди, сиздан васиқа-ишонч қоғози олмайди. Бу кишининг ҳаққига риоя этишингиз ва унга хиёнат қилиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишингиз лозим.

Агар бир киши сизга қарз берса ва у сизга ишонса, гувоҳ чақирмаса, қарзни ёзмаса бу омонатни мазкур оятдаги омонат деб билинг: «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз» яъни агар унга молини қарз ёки шунга ўхшаш бирон нарсани омонат қўядиган бўлса, омонатдор бу омонатни ўз эгасига саломат етказсин.

 Пайғамбаримиз (с.а.в) омонат бобида барча умматларига ўрнак эдилар. Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолатга етишдилар. Омонатга хиёнат қилмасдан, уни чиройли адо этишликнинг уддасидан чиқишлик – бу жуда улуғ фазилатдир. Омонатдор бўлишлик, кишиларнинг ишончларини оқлашлик нақадар қийин иш бўлганлигидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлишлик ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд. Аввало, ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ва пайғамбари ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари барча бандаларнинг бир-биридаги омонатга хиёнат қилмасликдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

 “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкил муаммолар вужудга келади.

Масалан, бировнинг шаънига айтилган сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

Ёки давлат томонидан ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суиистеъмолга ўтадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳам ўз масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир.

Шунинг учун ҳам одил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад, порахўрлик, масъулиятсизлик каби иллатларга қарши чора ва тадбирларни кучайтириб бораётгани мақсадга жуда мувофиқ бир ишдир. Ислом дини таълимотида турли ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий ман қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб, топган ризқу рўзисига қаноат қилиб, яшаб борилса, айни муддао бўлади.  Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида ўз эгасига бермаслик ёки узр айтиб, муддатини узайтиришни сўрамаслик каби нохуш ҳолатлар юз бераётгани маълум бўлмоқда.

Ҳадиси шарифларда қарздор қарзини узишга қийналиб қолса, муддатини узайтириб берувчилар учун катта мукофотлар ваъда қилинган. Лекин беузр олинган қарзни ўз вақтида бермаслик бу айни оғир гуноҳлар сирасига киради. Бинобарин, барча масъулиятларимизни чуқур ҳис этган ҳолда шу каби салбий сифатлардан сақланиб боришга жиддий ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Инсон ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб топган ҳалол ризқу рўзисига қаноат қилиб, яшаб борса, айни муддао бўлади.

 

Ў.Жуманазаров Хазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *