«Илм — зиё, тафаккур — камолот сари йўл!»
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги тизимида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида билим ва тафаккурни синовдан ўтказувчи «Заковат» интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Эгамова, Хоразм вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Ҳасанбой домла Кенжаев, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Муяссар Машарипова ҳамда ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги масжидлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Тожибой домла Вайисов иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан меҳмонлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш, илм-маърифатни ривожлантириш, маънавий юксалиш ва маърифатли жамият барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдириб, барча иштирокчиларга муваффақият тиладилар.
Беллашув давомида отинойилар тарих, маърифат, миллий ва диний қадриятлар, юртимиз тараққиёти ҳамда турли соҳаларга оид саволларга жавоб бериш орқали ўз билим ва тафаккурларини намоён этдилар.
Қизғин баҳс-мунозаралар ва дўстона руҳда кечган «Заковат» беллашуви иштирокчилар учун нафақат билимларини янада мустаҳкамлаш ва тафаккурини чархлаш, балки ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шунингдек тадбир сўнгида иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Заковатли авлод — маърифатли жамият пойдеворидир!