Аллоҳ таолонинг инсон учун берган улуғ неъматларидан бу тилдир. Тил Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни тўғри йўлга чақириш ва Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилган. Бир куни Исо (алайҳиссалом) йўлда кетаётиб бир тўнғизнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда тўнғизга қараб: «Манзилингга саломат етиб ол», – дедилар. Буни кўрган хамроҳлари: «Шу гапни тўнғизга айтаяпсизми?» – деб сўрашди. Исо (а.с.): «Ҳа, мен тилимни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан қўрқаман», – деб жавоб берган эканлар. Аллоҳ таоло Қуръонда инсонга нутқни берганлиги баён қилинади. Шундоқ экан, тилни фақат яхши сўзларга ишлатиш ва ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур. Зеро Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларининг тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганда сукут сақлашга буюрганлар. Ҳадислардан бирида эса шундай марҳамат қилганлар: «Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин». Динимизда тилга эътибор беришга ундаб, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларга ишлатишдан қайтаришнинг сабаби шуки, тилни қалбга яқин жойлашганлигидир. Қалб эса инсон масканидир. Инсоннинг қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат яхши гаплар чиқади ва иймони бақувват бўлади.
Агар унинг акси бўлса, яъни тил қанчалик ёмон сўзларни гапирса, инсоннинг қалби қорайиб иймони сусаяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: «Банданинг иймони тўғри бўлмайди, токи қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби ҳам тўғри бўлмайди, токи тили тўғри бўлмагунча». Тил орқали содир бўладиган гуноҳлар – ғийбат, туҳмат, ёлғон гапириш, ҳақорат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш ва ҳакозолардир. Чақимчи ва ғийбатчи кишилар ўсимлик илдизига тушган қуртдай одамлар орасидаги иттифоқлик ковагини қидириб топиб, уни кемиришади. Халқ ва миллатни ҳаёт учун лозим бўлган меҳр-муҳаббат илдизини емирадилар.
Уламолардан бирлари шундай деганлар: «Мол ва ашё ўғриларига қараганда одамлар орасидан дўстлик, улфат ва муҳаббатни ўғирлайдиган одамлардан эхтиёт бўлмоқ лозимдир».
Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Қиёмат кунидаги энг ёмон киши, бу дунёда қўполлигидан қўрқиб у билан муомала қилинмай қўйилган кишидир». Аллоҳ таоло тил ва дилимизни бирдек ислоҳ қилишимизни барчамизга муяссар айласин.
У.Машарипов
Қўшкўпир тумани “Хазрати Эшон бобо” масжиди имом-ҳатиби